Сўхда қандай ўзгаришлар юз бермоқда?

Сўхда қандай ўзгаришлар юз бермоқда?

Бугунги кунда Сўх туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 8 август кунидаги «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида тизимли асосда ишлар олиб борилмоқда. Қарор асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий соҳада шу пайтгача қийнаб келган бир қатор муаммоларнинг ечими бўйича дастурлар ишлаб чиқилган.

Туман иқтисодиётининг ўсиш нуқтаси сифатида биринчи навбатда саноатни ривожлантириш режа қилинган. Бунда туманнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда республиканинг бошқа ҳудудлари ҳамда қўшни давлатлардан олиб келинадиган маҳсулотларни туманнинг ўзида ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида эса озиқ-овқат маҳсулотларини шу ҳудуднинг ўзида етиштириш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.

Туман аҳолисини узоғини яқин қилиш, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида ўтган йил давомида 7 та замонавий клиникалар ишга туширилди. Ўтган йилнинг ўзида 4 та мактабгача таълим муассасасининг ишга туширилиши, 2 та умумтаълим мактаби реконструкция қилиниши ва янги биноларнинг ишга туширилиши ижтимоий соҳадаги биринчи қадамлардан бўлди. 2021 йилда ҳам ҳудудда 3 та замонавий боғчалар ташкил этиш йўли билан болалар қамровини янада оширишни режалаштирилган.

Туманда олий тоифали ўқитувчилар етишмаслиги асосий муаммолардан бири. Кўп ўқитувчилар бошқа ҳудудлардан бориб дарс беришади. Президентимизнинг қарори билан 2020 йилда берилган имтиёзлар асосида Сўхлик 480 нафар ёшлар олий таълим муассасаларига квоталар асосида қабул қилинди. Бу албатта, олдинги йилларга нисбатан 5-6 баравар кўп миқдорни ташкил қилади.

Отабек Миллабоев
Ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи

Post Comment