Истеъмолчи савол сўрайди

Истеъмолчи савол сўрайди

Ёзнинг иссиқ, жазирама кунларида одам тез чанқайди ва чанқоғини қондириш учун турли салқинлантирувчи ичимликлар истеъмол қилади. Шундай шароитда кўча-куйда квас, морс, айрон, уй шароитида тайёрланган турли шарбатларни сотилаётганлигига гувоҳ бўламиз. Айтингчи, шундай салқинлантирувчи ичимликларни истеъмол қилишда нималарга эътибор қаратиш муҳим?

Жавоб:

Амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра, истеъмолчилар товар ҳақида, шунингдек, унинг ишлаб чиқарувчиси (сотувчиси) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товарларни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши, товарларнинг хавфсиз бўлиши каби ҳуқуқларга эгадирлар. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи)лар эса истеъмолчиларнинг ана шу ҳуқуқларини таъминлаб беришлари шарт.

Шунинг билан биргаликда, қонуннинг 12-моддасига кўра, истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Энди савол туғилади, Сиз томонингиздан айтиб ўтилган, кўча-куйларда сотилаётган квас, морс, айрон, уй шароитида тайёрланган шарбатларни сотиш жараёнида қонуннинг юқоридаги талаблари таъминлаб бериляптими?

Агар катта ҳажмдаги махсус идишларда сотилаётган квас, морс каби салқинтирувчи ичимликлар аниқ бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти бўлса ҳамда ушбу маҳсулот, шунингдек унинг маҳсулот идиши тегишли мослик ва гигиеник сертификатларга эга бўлса, маҳсулотларни сотиш жараёнида тегишли санитария-гигиена талабларига амал қилинаётган, яъни сотувчи тиббий дафтарчага эга, у махсус кийимда, бугунги пандемия шароитини ҳам ҳисобга олган ҳолда тиббий ниқобда, қўлида тиббий қўлқоп билан савдони амалга ошираётган бўлса, шунинг билан биргаликда маҳсулотни қуйиб сотишда бир марталик идишлардан фойдаланилиб, ушбу идиш истеъмолдан сўнг чиқинди қутисига ташлаб юборилаётган бўлса, мазкур савдо нуқтасидан салқинлантирувчи ичимликларни сотиб олиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Лекин юқоридаги талаблардан бирортасига амал қилинмаётганлиги ҳам ўз соғлик-саломатлиги ҳақида қайғирувчи истеъмолчида шубҳа уйғотиши керак.

Энди қўлбола айрон ва уй шароитида тайёрланган турли шарбатларни сотилиши ҳолатига келсак. Бундай маҳсулотларни тайёрлаш жараёнлари мавҳумлиги, тегишли санитар-эпидемиологик хулосаларга эга бўлмаганлиги (мослик сертификатлари хусусида умуман гапирмаса ҳам бўлади) сабабидан уларни реализация қилишга рухсат берилмайди.

Агар истеъмолчи айрон ёки мева шарбатларини истеъмол қилмоқчи бўлса, савдо нуқталарида сотилаётган, муайян ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилиб, алоҳида идишлар (шиша, ПЭТ идишлар)га қадоқланган маҳсулотларни сотиб олиб истеъмол қилгани маъқул.

Отабек Миллабоев
Ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи

Post Comment