Истеъмолчи қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эгалигини унутмайлик
Амалдаги қонунчиликда ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Ушбу мажбурият бажарилмаслиги истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қоплаб берилишини шарт қилиб қўяди. Қонунчиликнинг ушбу талабини эса барча хизмат кўрсатувчилар ҳам билавермаслиги ёки билиб билмасликка олишлари мумкин.
Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган Ф.А. жорий йилнинг сентабр ойи охирларида Фарғона шаҳридаги савдо дўконидан 2 500 000 сўмга сотиб олинган телевизорда носозлик кузатилгандан кейин ушбу масалада сотувчига мурожаат қилган. Сотувчи эса мазкур русумдаги телевизорларга хизмат кўрсатувчи сервис маркази мавжудлигини айтиш, уларга боғлаб бериш ёки алоқа маълумотларини бериш ўрнига, 50 дюмдан кичик диагоналли телевизорларга хонадонга бориб хизмат кўрсатилмаслиги жавобини берган. Бундай муомаладан таажжубга тушган истеъмолчи Федерация ишонч телефонига қўнғироқ қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида тарафларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар берилиб, носозлик сервис маркази усталари томонидан бепул бартараф этиб берилган бўлсада, сотувчилардан бу каби ҳолатларда хушмуомала бўлишни, акс ҳолда қўшимча чиқимдор бўлиб қолишлари мумкинлигини, қонунчиликка кўра уларда олди-сотди жараёнида истеъмолчига ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ҳамда улар истеъмолчидан даъво қабул қилишга ваколат берган, шунингдек, таъмирлашларини бажарадиган ва техникавий хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг манзиллари ҳақида тушунтириш бериш мажбурияти ҳам мавжудлигини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз. Зеро, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчи қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эгадир.
Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.
Post Comment