Ўз эгасини ташлаб ўзганинг хизматига “кетиб қолган” шахсий ҳисоб рақам
Коммунал идораларнинг истеъмолчилар билан ҳисоб китобларни олиб боришга мўлжалланган аксарият дастурлари ҳозирда ярим автомат тарзида фаолият кўрсатади. Яъни бунда дастурга дастлаб абонентнинг шахсий маълумотлари киритилиши, кейинчалик вақти-вақти билан истеъмол кўрсаткичларини киритиб борилиши зарур бўлади, янаям соддароқ қилиб айтганда “инсон омили”нинг ўрни мавжуд. Бу омилда эса, вақти-вақти билан, билиб ёки билмасдан хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли мавжуд.
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган туманнинг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.Т. 2019 йилдан буён хонадондаги ичимлик суви истеъмоли учун сув ҳисоблагич асосида тўловларни амалга ошириб келишларини, лекин яқинда хонадонга келган сув таъминоти ташкилоти ходими уларнинг мазкур тўловлардан 2 500 000 сўм қарздорликлари мавжудлигини айтганлигини баён қилиб, масалага ойдинлик киритиб берилишида амлаий ёрдам кўрсатилишини сўраганди.
Ўрганишда мурожаат эгаси М.Т.нинг турмуш ўртоғи У.А. номига расмийлаштирилган шахсий ҳисоб рақам 2024 йилда сув ҳисоблагични қайта қиёслов кўригидан ўтказиш ишларидан сўнг туманнинг бошқа бир маҳалла фуқаролар йиғинидаги, бошқа шахсга тегишли бўлган хонадонга бирикиб қолганлиги, ўтган давр ичида амалга оширилган тўловлар ўша хонадон ҳисобига кетаверганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари доирасида йўл қўйилган хатоликни тўғрилаш чора-тадбирлари кўрилди. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, сув таъминоти идораси вакилининг хонадоннинг 2 500 000 сўм қарздорлиги мавжудлиги тўғрисидаги даъвосини ҳам йўққа чиқарди.
Исломбек Илхомов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment