Истеъмолчи нима дейди-ю, сотувчиларда нима гап? || Сўровнома натижалари

Истеъмолчи нима дейди-ю, сотувчиларда нима гап? || Сўровнома натижалари

USAGM Workshops in Uzbekistan лойиҳаси доирасида “Савдо ва хизмат соҳасида нақд пул муомаласи: чекланишлар ва йўқотишлар” мавзусида материал тайёрлаш мақсадида аҳоли ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари масъуллари ўртасида алоҳида сўровномалар ўтказилди.

Аҳоли вакиллари учун тайёрланган сўровнома 1 та савол ва жавобларнинг 3 та вариантини ўз ичига олган бўлиб, 28 июль ҳолатига ҳудудий бирлашманинг туман ва шаҳар жамиятлари кўмагида 330 та, ҳамкорларнинг ижтимоий тармоқдаги каналлари (nuqtai_nazar_official, rishtontumanimurojaat телеграм каналлари)дан эса мос равишда 1736 та ва 320 та, жами бўлиб 2386 та респондентларнинг жавоблари қабул қилиб олинди.

Аҳоли вакилларига берилган берилган савол ва унинг жавоблари қуйидаги кўринишни олди (диаграмма 1):

Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида (дўконлар, ошхоналар, дорихоналар, маиший хизмат объектлари, жамоат транспортида ва б.) олди-сотди амалга оширилгач (хизматлар кўрсатилгач), 50 сўмдан 1000 сўмгача бўлган қайтим Сизга пул (танга) кўринишида бериладими?

А) ҳа, ҳеч қандай муаммосиз, менинг огоҳлантиришимсиз пул (танга) кўринишида берилади – 10%;

Б) ҳа, бироз муаммолар билан бўлсада, пул (танга) кўринишида берилади, лекин кўпинча турли сақич, гугурт, конфет, таблетка ва бошқалар кўринишида олишга тўғри келади – 47%;

С) йўқ қайтимни пул (танга) кўринишида берилмайди, ҳоҳласанг-ҳоҳламасанг турли сақич, гугурт, конфет, таблетка ва бошқаларни қайтим сифатида оласан ё бўлмаса қайтимдан воз кечасан – 43 %.

Кўриб турганингиздек, ресондентларнинг 10 %игина нақд пулда олди-сотди амалга оширилгандан ёки хизматлардан фойдаланилгандан сўнг, қайтимни ҳеч қандай муаммоларсиз олаётганликларини қайд қилмоқдалар. Қолган респондентлар эса қайтимни турли товарлар (сақич, конфет, гугурт, қурут) воситасидагина олиш мумкинлигини ёки воз кечиб кетишга ҳам тўғри келаётганлигини маълум қилмоқда.

Ушбу масалада ЎЗбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Мониторинг сектори бошлиғи Отабек Миллабоевга мурожаат қилганимизда, у бизга қуйидагиларни маълум қилди:

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 8-моддасига кўра, томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади. Айтайлик, истеъмолчи савдо дўконидан бир килограмм шакар ва бир килограмм гуруч олиб, сотувчининг қўлига 21000 сўм пул тутқазди. Шакарнинг килоси 8500 сўм, гуруч эса 12000 сўм эди, дейлик. Демак, бу ерда истеъмолчи ва сотувчи ўртасида тузилган оғзаки шартномага кўра, истеъмолчи дўкондан шакар ва гуруч танлаб, ушбу товарлар учун 20500 сўм тўлашни ўз зиммасига олди, сотувчи эса ушбу товарларни унга ҳақиқатан ҳам 20500 сўмга сотишга розилигини билдириб, истеъмолчининг қўлидан пулни олди ва ўртадаги фарқ 500 сўмни қайтим сифатида қайтариш масъулиятини ҳам ўз бўйнига олди. Шартнома шу шартлар билан тузилди. Агар сотувчи шартнома тузилгунга қадар йўқ биз пулда қайтим беролмаймиз, 500 сўмингизга бирор нарса оласизда, деганида балки истеъмолчи ушбу дўкондан товарларни олмасдан чиқиб кетиши ҳам мумкин эди.

Энди қайтим ўрнига бирорта товар берилишига тўхталсак. Қонуннинг 21-моддасига кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Қайтим ўрнига турли товарлар (савдо дўконларида сақич, конфет, гугурт, қурут, дорихоналарда таблетка) берилиши эса айнан истеъмолчини қўшимча товарлар сотиб олишга қисташ сифатида баҳоланади. Ана энди истеъмолчи қайтимни бу кўринишда олишни рад этсаю, дўконда қайтимга берилиши учун майда умуман бўлмаса, истеъмолчи қайтимдан воз кечишга мажбур бўлса, мазкур ҳолат худди шу моддага кўра кўрсатилмаган хизмат (сотилмаган маҳсулот) учун ҳақ олиш сифатида қаралади.

Шу ерда мутахассис билан суҳбатимиздан тўхтаб, эътиборимизни савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ходимлари иштирокида ўтказилган сўровнома натижаларига қаратсак. Мазкур сўровномада ҳақиқатан ҳам шу соҳада фаолият олиб бораётган шахсларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида ҳудудий бирлашма тизимидаги туман ва шаҳар жамиятларининг амалий кўмагига таянилди. Уларнинг кўмагида вилоятимиздаги 2 та шаҳар ва 10 туманда ушбу соҳада фаолият олиб бораётган 120 нафар хўжалик юритувчи субъектлар масъул вакилларининг жавоблари олинди. Натижалар қуйидаги кўринишни олди (диаграмма 2):

Нега олди-сотди амалга оширилгач (хизматлар кўрсатилгач) истеъмолчига қайтимни пул (танга) кўринишида бера олмаяпсиз?

А) майда пул етишмайди, лекин хизмат кўрсатувчи банкимга бу масалада талаб билан мурожаат қилганим йўқ – 46%;
Б) майда пул етишмайди, хизмат кўрсатувчи банкимга бу масалада талаб билан мурожаат қилганман, лекин у таъминлаб бера олмаяпти – 14%;

С) бизда бу борада муаммо йўқ, қайтимни пул (танга) билан беряпмиз, ҳоҳласангиз харидорларимиздан сўрашингиз мумкин – 40%.

Сўровнома натижаларидан кўриниб турибдики, майда пуллар етишмаётганлиги ҳолатини унда иштирок этганларнинг 60 %и эътироф этган. Жами иштирокчиларнинг 46 %и ушбу муаммо билан кундалик фаолиятида дуч келиб турган бўлсада, бу масалада ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилмаганлигини маълум қилган. Марказий банк вилоят бош бошқармаси ва тижорат банки масъул ходимлари билан суҳбатлашганимизда, банкларда майда  пуллар етарли ҳажмларда мавжудлигини, лекин аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китобларни олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари бу борада ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига мурожаат қилмаётганликларини таъкидлаб ўтгандилар. Шу ерда нега улар банкка мурожаат қилмасдан туриб, мазкур масалани муаммо сифатида белгилаяптилар, деган савол туғилиши табиий. Балки бунинг замирида қандайдир манфаат бордир. Айтмоқчиманки, балки улар банкка мурожаат қилиб, ўз ҳисоб-китоб кассаларига майда пулларни таъминлаб қўйсалар, сақич, конфет, гугурт, қурут каби товарларнинг савдоси касод бўлар? Яна ким билади, дейсиз.

14 % сўровнома иштирокчиларининг банкка мурожаат қилсакда, улар бизни майда пуллар билан таъминламаяптилар, деган фикрлари ҳам бироз баҳсли ҳолат, деб ҳисоблайман. Мазкур материални тайёрлаш жараёнида битта акамизнинг қўлига 1000  сўм пул бериб, шуни банкдан битта 500 сўмлик, 1 та 200 сўмлик, 2 та 100 сўмлик ва 2 та 50 сўмлик тангага алмаштириб чиқинг, дедим. Тўғриси, акамизнинг банкдан қайтиб чиқиб, бўлмади дейишига ёки 50 сўмлик йўқ экан, ўрнига битта 100 сўмлик танга беришди, дейишига ўзимни руҳан тайёрлаб ҳам тургандим. Йўқ, акамиз бир пасда қўлида буюртмадаги миқдордаги тангаларни кўтариб чиқди.

Сўровнома иштирокчиларининг 40 %и бу борада муаммо йўқлигини қайд қилганликлари қувонарли ҳолат бўлсада, нега унда аҳоли вакилларида ушбу масалада шикоятлар кўп деган савол ҳам вужудга келади. Юқорида кўрганингиздек, сўрономада қатнашган аҳоли вакилларининг 90 %и қайтимга ё турли товарлар олаётганликларини ёки ҳаттоки қайтимдан воз кечишга ҳам тўғри келаётганлигини таъкидлаб турибдику.

Шу ўринда, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бутун дунёда, хусусан ривожланган мамлакатларда “Истеъмолчи (мижоз) – доим ҳақ” деган қараш шаклланган бўлиб, сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар истеъмолчининг ҳоҳиш-истаклари, улар кўпроқ нималарни маъқул кўришларига қараб иш тутадилар. Товарларни раста остидан яшириб сотиш, сунъий танқисликларни вужудга келтириш, бир товарни сотиб олиш учун кимларнидир ўртага қўйиш каби салбий иллатлар ва ҳоҳласанг шу, ҳоҳламасанг катта кўча, деган қарашлар замонаси эса аллақачонлар ўтиб кетган.

Мазкур масаладаги ўрганишлар давом эттирилмоқда.

Ғайрат Маматкулов
Мустақил тадқиқотчи

Post Comment