Зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган автомобил бошқасига алмаштирилди

Зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган автомобил бошқасига алмаштирилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрида яшовчи Ф.К.нинг автосалондан 249 900 000 сўмга харид қилинган автомобил ҳақида тўлақонли маълумот берилмаганлиги зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган автомашина сотиб олинишига сабаб бўлганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида, жорий йилнинг 14 январ куни Фарғона шаҳридаги KIA русумли автомобиллар билан савдо қилувчи салонга бориб, 2025 йилда ишлаб чиқарилган KIA Sonet русумли автомобил учун тўловни амалга оширгани, автомашина 1 ҳафта ичида келтирилиб қўлига топширилгани, лекин Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида ҳужжатларни расмийлаштириш пайтида автомашина ўтган йилда ишлаб чиқарилгани маълум бўлганини, автомобилни сотувчига қайтариб, унга ваъда қилинган даврда ишлаб чиқилган автомашинага алмаштириш масаласини ўз кучи билан ҳал қила олмаганини маълум қилиб, масалани қонуний ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Амалдаги қонунчиликда товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган. Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан қонунчилик мазкур талабларидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонига даъво талабномаси шаклидаги хат киритилиб, ташкилот масъул ходимлари билан музокаралар олиб борилди. Ўрганиш якунлари билан эса аввал харид қилинган автомобилни автосалонга қайтарилиб, 2025 йилда ишлаб чиқарилган худди шу русумдаги автомашинага алмаштирилишига эришилди.

Нигора Усмонова,
шаҳар жамияти мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment