Беш нафар фуқаронинг мурожаати асосида 5,2 миллион сўмлик иш ҳақи ундириб берилди
Ишга бориш, вазифани бажариш, ой охирида эса ҳалол меҳнат эвазига топилган иш ҳақини кутиш — ҳар бир ходим учун оддий ҳаётий жараён. Аммо иш ҳақи ўз вақтида берилмаса, бу оддий кутиш эмас, балки оила бюджети, кундалик эҳтиёжлар ва инсоннинг меҳнатига бўлган муносабатига бевосита таъсир қиладиган муаммога айланади.
Яқинда Тошлоқ тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига бир эмас, беш нафар фуқаро мурожаат қилди. Уларнинг мурожаатларида бир-бирига ўхшаш ҳолат — “Abbosxon servis plyus” МЧЖга қарашли “Yengil” кредит савдо дўконида меҳнат қилган, аммо иш ҳақини тўлиқ ололмаганлик масаласи кўтарилган.
Жамият томонидан мурожаатлар қонун доирасида ўрганилиб, корхонага расмий сўровлар юборилди. Ўрганишлар давомида фуқароларнинг талаблари асосли экани ҳужжатлар билан тасдиқланди.
Хусусан, Тошлоқ тумани Садда МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Т. Ҳ. мурожаати юзасидан савдо дўконида ишлаганлиги ва унга 2 312 792 сўм иш ҳақи тўланмагани аниқланди. Корхона ўрганиш ишлари давомида тақдим этган тўлов ҳужжатида ушбу маблағ фуқаронинг ҳисоб рақамига ўтказилгани кўрсатилган. Шунингдек, М. А. мурожаати бўйича унга 446 769 сўм, О.А. бўйича 552 792 сўм, З. Ж. бўйича 171 262 сўм, М. А. бўйича эса 1 684 028 сўм иш ҳақи тўлангани ҳужжатлар билан тасдиқланган. Шу тариқа бешта мурожаат доирасида фуқароларга жами 5 167 643 сўм иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланди.
Бу ҳолатлар бир муҳим ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади: ходим ўз меҳнати учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқ бузилганда муаммони ҳал этишнинг қонуний йўллари мавжуд.
Айниқса, иш ҳақи тўланмаган ёки кечиктирилган ҳолатларда ходим қўлида меҳнат муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар — меҳнат шартномаси, ишга қабул қилинганлик ҳақидаги маълумотлар, ҳисоб-китоблар ва бошқа далилларни сақлаб қўйиши муҳим.
Тошлоқ туманидаги ушбу бешта мурожаат тақдири ҳам шуни кўрсатдики, муаммони жим кузатиб туриш эмас, ўз ҳуқуқини қонуний тартибда талаб қилиш натижа беради.
Энг муҳими, ҳар бир иш ҳақи — бу оддий рақам эмас. Унинг ортида инсоннинг меҳнати, вақти, оиласи ва кундалик эҳтиёжлари бор.
Истеъмолчи ёки фуқаронинг қонуний ҳуқуқи бузилса, мурожаат қилиш — ҳуқуқни талаб қилишнинг энг муҳим қадамларидан биридир.



Post Comment