Фарғона вилоятида ҳудудий бирлашманинг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди
Конференцияда 2021–2025 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, келгуси беш йиллик фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
2026 йил 30 октябр куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция кун тартибида ҳудудий бирлашманинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисобот маърузасини тинглаш, тизим ташкилотларининг келгуси даврдаги вазифаларини белгилаш, 2026–2030 йилларга мўлжалланган ривожлантириш концепцияси лойиҳасини муҳокама қилиш ҳамда тегишли сайлов масалалари кўриб чиқилди.
Конференцияда ҳудудий бирлашма раиси Аҳроржон Раҳмоналиевнинг ҳисобот маърузаси тингланди. Маърузада 2021–2025 йиллар давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш, жамоатчилик мониторингларини ташкил этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ҳисобот даврида тизим ташкилотлари томонидан 3 227 та давра суҳбати ва семинар ўтказилган, оммавий ахборот воситаларида 6 238 та чиқиш амалга оширилган. Шунингдек, 4 419 та мурожаат ўрганилиб, истеъмолчилар фойдасига 7 миллиард 566 миллион сўмдан ортиқ қайта ҳисоб-китоб ва бошқа молиявий натижаларга эришилган.
Фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасида 3 654 нафар истеъмолчига бепул ҳуқуқий маслаҳат берилган, 71 та жамоатчилик мониторинги ўтказилган. Суд орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилиш йўналишида эса 51 та даъво аризаси киритилган.
Мазкур натижалар ҳудудий бирлашма ва тизим ташкилотлари томонидан истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида муайян ишлар амалга оширилганини кўрсатади.
Ҳисобот маърузаси муҳокамаси якунларига кўра, ҳудудий бирлашманинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти қониқарли деб топилди.
Конференцияда ҳудудий бирлашма тизимидаги ташкилотлар фаолиятини 2026–2030 йилларда ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида иштирокчилар томонидан Концепциянинг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари ҳамда уни амалга ошириш механизмларига доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Концепция лойиҳаси маъқулланди. Унда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий, молиявий ва рақамли саводхонлигини юксалтириш, жамоатчилик мониторингларини тизимли ташкил этиш, фаолиятни рақамлаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш каби вазифалар устувор аҳамият касб этади.
Концепцияда белгиланган йўналишлар келгуси беш йилда тизим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, иш натижадорлигини ошириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Ҳисобот-сайлов конференциясининг кун тартибидаги ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Белгиланган тартибда Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси Кенгаши аъзолари сайланди.
Шунингдек, 2026 йил 27 ноябр куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси конференциясига Фарғона вилоятидан 5 нафар вакил сайланди.
Конференция якунлари ҳудудий бирлашма ва тизим ташкилотлари олдида турган вазифаларни белгилаш, тўпланган тажрибани янада ривожлантириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.



Post Comment