Ҳисоб рўйхатидан давлат рўйхатига ўтиш ишлари ниҳоясига етказилди

Ҳисоб рўйхатидан давлат рўйхатига ўтиш ишлари ниҳоясига етказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоятида 19 та туман ва шаҳар жамиятлари фаолият кўрсатиб келади. Уларнинг фаолияти эса Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан мувофиқлаштириб келинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.03.2021 йилдаги ПҚ-5012-сон қарорида, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилиб, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Шулардан бири нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланиши, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилиниши ҳам назарда тутилганди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Федерация Кенгаши қарори билан унинг республикадаги ҳудудий ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан давлат рўйхатига ўтказиш бўйича қарор қабул қилиниб, адлия вазирлигига тегишли ҳужжатлар киритилганди.

Бугун Фарғона вилоятида бу борадаги ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилиб, ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига вилоят адлия бошқармасида давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment