Икки ҳамкасб ўртасига низо солган масала ҳал этилди

Икки ҳамкасб ўртасига низо солган масала ҳал этилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳардаги ташкилотлардан бирида меҳнат фаолияти олиб борувчи А.И.нинг ҳамкасби К.Х. унинг номига катта миқдорда кредит расмийлаштириб олиб, тўламасдан келаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг июл ойи ўрталарида мурожаат эгаси А.И.дан ҳамкасби К.Х. қарзга 1 000 000 сўм пул бериб туришини сўрайди, у пули йўқлигини айтганида эса бунинг йўли борлигини айтиб, уни аввал онлайн микроқарз олиш учун “Анорбанк” шохобчасига олиб боради. А.И.нинг номида кредит бўлгани сабабли бўлса керак, бу ерда уларни ишлари битмайди. Шундан сўнг уни Қўштепа туманидаги кредит савдо дўконига олиб боради. Шу ерда А.И. номига 31 000 000 сўмлик маиший товарларни харид қилинганлиги тўғрисида кредит расмийлаштирилади. Қоғозларга қўл қўйиб уйига қайтган А.И.ни эса орадан бир ой ўтиб кредит тўловларини тўлаб қўйиш бўйича безовта қила бошлашади …

Шаҳар жамияти мутахассислари ўрганиш ишлари давомида дастлаб кредит савдо дўкони масъуллари билан боғланиб, шартноманинг мавжудлиги, расмийлаштирилган сумма, товарларни кимга етказиб берилганлиги каби ҳолатларга ойдинлик киритганларидан сўнг, расмийлаштирилган кредитнинг “ҳақиқий тўловчиси” К.Х. билан ҳам суҳбатлашдилар. Томонларга юзага келган ҳолатда амалдаги қонунчилик талаблари, унинг ҳуқуқий оқибатлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўрганиш ишлари давомида К.Х. банк муассасаси орқали 32 374 646 сўм тўловни амалга ошириб, ҳамкасби номига расмийлаштириб олган кредитини тўлиқ сўндирди.

Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment