Автомашина ўз муддатида етказиб берилмагач, олдиндан тўлов сифатида тўланган пул суммаси қайтарилди

Автомашина ўз муддатида етказиб берилмагач, олдиндан тўлов сифатида тўланган пул суммаси қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Чекшўра” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.М.нинг шартнома асосида етказиб берилиши лозим бўлган автомашина ўз муддатида етказиб берилмаганлиги сабабли пулларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ёзган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатни ўрганиш ишларида маълум бўлишича, истеъмолчи 2022 йилнинг ноябр ойида Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган “Umid avto companies” МЧЖ билан Labo автомобилини 120 кун давомида етказиб берилиши, бунда истеъмолчи дастлаб автомашина учун бошланғич тўлов сифатида (бошқа расмийлаштириш ҳаражатлари билан қўшиб ҳисоблаганда) 31 413 640 сўм олдиндан тўлаши ва қолган қисми шартномада белгиланган муддат ичида аннуитет шаклда тўлаб борилиши бўйича келишадилар. Истеъмолчининг маълум қилишича, автомашина белгиланган муддатда етказиб берилмаган, шунингдек шартномага кўра у ҳеч қандай жарима санкцияларисиз пулларини қайтарилишини талаб қилиши мумкин бўлган муддат ҳам етиб келган.

Шаҳар жамияти юқоридагилардан ҳамда ўрганиш ишлари натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ташкилотнинг Тошкент шаҳридаги бош офисига, истеъмолчи томонидан тўланган 31 413 640 сўм пул маблағини тўлиқ қайтарилиши юзасидан даъво талабномаси киритди. Олиб борилган ишлар натижаси билан эса истеъмолчининг юқоридаги пул маблағи унинг банк пластик картасига қайтариб тушириб берилишига эришилди.

Азаматжон Бабаев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment