Даъво талабномаси киритилгач, истеъмолчининг эллик миллион сўм пули қайтарилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида Данғара туманида яшовчи Г.Г.нинг автотранспорт воситасини ижарага ва кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан имзоланган шартнома шартлари бажарилмаётганлиги хусусида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у шартноманинг иккинчи тарафи бўлган “Umid avto companies” МЧЖ ҳисоб рақамига, 15.11.2023 йилда имзоланган шартнома асосида, банк муассасаси орқали, Cobalt A/T русумли автомобил учун, 50 973 631 сўм тўловни амалга оширган. Шартномада белгиланган 120 иш куни давомида автомобил етказиб берилмагач, жорий йилнинг 27 февралида МЧЖга шартномани бекор қилиш ва аванс тўлов пулларини қайтариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, компаниядан, аризасига жавоб сифатида, пуллари 60 иш куни ичида қайтарилиши тўғрисида маълумотнома ҳам олган бўлсада, ушбу муддат давомида ҳам ижобий натижага эриша олмагач Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Ҳудудий бирлашма мутахассислари томонидан истеъмолчининг мурожаатида келтириб ўтилган важларни ўрганиб чиқилиб, МЧЖ раҳбари номига амалдаги қонунчилик талаблари, шунингдек истеъмолчи ва МЧЖ ўртасидаги шартнома шартлари бажарилмаслиги ҳолатларида юзага келувчи салбий оқибатлар юзасидан даъво талабномаси киритилгач, истеъмолчининг 50 973 631 сўм маблағи ўзига қайтарилиб, унинг муаммоси бартараф қилинишига эришилди.
Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.
(иллюстратив фото)
Post Comment