Маиший техникада юзага келган нуқсонни бепул бартараф этиб берилиши чора-тадбирлари кўрилди
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Ўзбекистон туманининг “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.З.нинг Қўқон шаҳридан харид қилган телевизорда фойдаланиш давомида нуқсон келиб чиққани ортидан бир қанча муаммоларга дуч келгани ва ундаги нуқсонларни бепул бартараф этиб берилишида ёки мақбул сифатдагисига алмаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ёзган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у “Техномарт” МЧЖга қарашли савдо дўконидан шартнома қиймати 2 600 000 сўм бўлган Toshiba 32V35ME русумли смарт телевизорни қийматини 6 ой давомида бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган. Хонадонга келтириб фойдаланиши давомида телевизорнинг экранида носозлик юзага келган. Сотувчига мурожаат қилиб, мазкур нуқсонни бепул бартараф этиб берилиши ёки уни бошқасига алмаштирилиши бўйича қилган саъй-ҳаракатларидан натижа чиқара олмагач, Федерациянинг Қўқон шаҳар жамиятига мурожаат қилиб, ўзининг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраган.
Шаҳар жамияти томонидан мазкур ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбариятига алоқа хати киритилди. Натижа эса узоқ куттирмади. Олинган жавоб хатида телевизордаги нуқсонни тезкорликда бартараф этиш мақсадида, шунингдек шаҳарда ушбу русумдаги маиший техникаларга хизмат кўрсатувчи сервис маркази йўқлиги сабабли, Тошкент шаҳрига юборилганлиги ва тез муддат ичида истеъмолчига соз ҳолатда топшириш чора-тадбирлари кўрилаётганлиги маълум қилинди.
Муҳаммаджон Ўлмасов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment