Маблағ истеъмолчининг банк картасидан асоссиз ечилгани маълум бўлди

Маблағ истеъмолчининг банк картасидан асоссиз ечилгани маълум бўлди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштупа тумани “Сармазор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.М.нинг товарларни истеъмол кредитига реализация қилувчи савдо дўконидан илгари олиниб, кейинчалик тўлиқ сўндирилган истеъмол кредити учун банк пластик картасидан асоссиз тўлов олиб қолиниши ҳолатидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатни ўрганиш давомида, истеъмолчи томонидан шаҳардаги “Ҳамроҳ” кредит савдо дўконидан маиший техникалар учун олинган истеъмол кредити суммаси тўлиқ сўндирилган бўлсада, унинг банк пластик картасидан ҳақиқатан ҳам тўлов учун 567 000 сўм маблағ ечиб олингани маълум бўлди. Маблағни ечиб олинишига эса маъсул ходим томонидан ҳужжатлаштириш ишларини ўз вақтида тўлиқ ниҳоясига етказилмагани сабаб бўлган.

Ўрганиш давомида юқоридаги ҳолат бартараф қилиниб, 567 000 сўм маблағ истеъмолчининг банк пластик картасига қайтарилди.

Авазбек Юсупов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

Post Comment