Узрли сабаб билан авиарейсдан қолиб кетган фуқароларнинг чипта пуллари қайтариб олинди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Қувасой кўчасида яшовчи Х.М.нинг соғлиги ёмонлашгани сабабли Истамбул-Фарғона авиарейсдан қолиб кетганликлари ва узрли сабаблар билан фойдалана олмаган мазкур чипталарнинг пулини қайтариб олишолмаётганлиги хусусида қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи Фарғона шаҳридаги “Grand avia travel” авиачипталар сотиш шохобчасидан Туркиянинг Истамбул шаҳридан Фарғонага қайтиш учун 3 кишига 6 200 000 сўмга чипта сотиб олган. Лекин Туркиядан қайтадиган куни чипталарни регистрация қилиш жараёнида тўсатдан соғлиги ёмонлашиб, аэропорт тиббий ёрдам бригадаси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилади ва шифохонага олиб кетилади. Натижада фарзанди ва набираси билан Истанбул аэропортидан учадиган авиарейсдан қолиб кетадилар. Аэропорт масъуллари томонидан уларга авиачипта учун тўланган пулни қайтариб олишлари мумкинлиги тушунтирилган. Лекин Фарғонага келганларидан сўнг чипта пулини қайтариб олиш ишлари чўзилиб кетган.
Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мазкур ҳолат юзасидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига сўров хати киритилди. Ушбу ташкилотдан ижобий жавоб олингач, юқорида номи келтирилган авиачипталарни сотиш шохобчасидан чипта учун тўланган пуллар қайтариб олинди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment