Узоқ муддат фойдаланиладиган товарга кафолат муддати белгиланмаган бўлса-да, истеъмолчи қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олади

Узоқ муддат фойдаланиладиган товарга кафолат муддати белгиланмаган бўлса-да, истеъмолчи қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олади

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Конизар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи К.И.нинг 1 000 000 сўмга сотиб олинган мобил телефон аппаратини ҳеч қанча ишлатилмасдан ишдан чиққанлиги ва унинг ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан сотувчига қўйган қонуний талаблари бажарилмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида ITEL A50 русумидаги мобил телефон аппаратини 2024 йилнинг декабр ойи охирларида туман буюм бозори ҳудудидаги дўкондан харид қилганлигини, телефон бир ҳафта ишлатилмасдан экрани куйиб қолганлигини, уни алмаштириш ёки бепул таъмирлатиб бериш ёхуд пулини қайтариш каби талаблари билан сотувчига мурожаат қилганида, у мазкур телефон аппаратига кафолат муддати белгиланмагани айтиб, шу сабабли истеъмолчининг талабларини қаноатлантира олмаслигини маълум қилганлиги баён қилинади ҳамда юзага келган ҳолатда унинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини сўрайди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчи бир қатор ҳуқуқларга эга. Товарни мақбул сифатдагисига алмаштирилишини, ундаги нуқсонлар бепул бартараф этиб берилишини, шартнома бекор қилиниб, унинг товар учун тўлаган пули қайтарилишини талаб қилиш каби ҳуқуқлар шулар жумласидандир. Бундай ҳолат юз берганда, агар истеъмолчига сотилган узоқ муддат фойдаланиладиган товарга кафолат муддати белгиланмаган бўлса, у товар харид қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлади.

Туман жамияти мутахассислари томонидан қонуннинг юқоридаги талабларини ўзида акс эттирган даъво талабномаси сотувчига киритилиб, мазкур талабларни бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилгандан сўнг сотувчи нуқсонли эканлиги даъво қилинган телефон аппаратини ITEL A70 русумидаги телефон аппаратига алмаштириб бериб, муаммони ўрнида бартараф этди.

Ҳуснидахон Якубова,
туман жамияти мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin