Кенгаш йиғилишида ўтган йил фаолият якунлари сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди

Кенгаш йиғилишида ўтган йил фаолият якунлари сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Кенгашининг ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларининг 2024 йилдаги фаолият якунлари сарҳисоби ва 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар бўйича асосий йўналишларни белгилаб олишни кўзда тутувчи, жорий йилдаги, дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов ZOOM платформаси орқали иштирок этди.

Таъкидландики, ўтган 2024 йилда Федерациянинг вилоятдаги идораларига жами бўлиб 898 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижаларига кўра, 1 млрд 783 млн 521 минг 122 сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, шундан 241 млн 139 минг 146 сўми суд идораларига киритилган 18 та даъво аризалари бўйича истеъмолчилар фойдасига ундирилган моддий ва маънавий зарарлардир. Мурожаатларнинг 35,3 фоизи савдо масалаларидаги, 16,1 фоизи газ таъминоти, 10,9 фоизи электр таъминоти, яна 10,9 фоизи сув таъминоти, 7,1 фоизи коммунал соҳа (ширкатлар), 5,3 фоизи хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаларига оид масалалардан иборат бўлган бўлса, қолган 14,3 фоизи соғлиқни сақлаш, транспорт, алоқа (ва интернет) ҳамда истеъмол соҳасига оид бошқа масалаларда келиб тушган. Савдо соҳасига оид мурожаатларнинг энг кўп қисми 28,7 фоизи харид қилинган маиший техника воситаларида нуқсонлар аниқланиши ҳолатлари юзасидан бўлган.

Шунингдек, ўтган йил давомида амалдаги қонунчилик тарғиботига бағишланган 595 та маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилган, фаолият натижаларини ОАВларда ёритиш мақсадида телевидение, радио, республика ва маҳаллий босма ва электрон нашларда 975 та чиқишлар ташкилланган. Фаолият натижаларини аҳолининг кенг қатламларига етказиш мақсадида ОАВ вакиллари иштирокида 6 та брифинг ва 4 та очиқ мулоқот шаклидаги медиа тадбирлар ўтказилган.

Ҳудудий бирлашманинг давлат гранти доирасида амалга оширилиши режалаштирилган барча тадбирларни, хусусан ҳудудудий бирлашма сайтини модернизация қилиш, олий таълим муасссасаларида семинар-тренинглар ўтказиш, ёшлар ўртасида танлов ўтказиш, молиявий саводхонликни тарғиб қилувчи плакатларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш каби ишларни ўз муддатларида амалга оширилиши таъминланган.

681 нафар фуқароларга тизимда ташкилланган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали, 299 нафар фуқароларга эса раҳбар ва масъул ходимларнинг аҳоли билан мулоқот тадбирлари доирасида бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ва амалий ёрдамлар кўрсатилган.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ходимларнинг ҳуқуқий ва касбий билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган 9 та ўқув тадбирларида тизим ходимларининг иштироки таъминланган.

Кенгаш йиғилиши доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар кўламини янада ошириш бўйича туман (шаҳар) жамиятлари масъулларига тегишли топшириқ ва кўрсатма бериб ўтилиб, унинг якунларига кўра тегишли қарорлар қабул қилинди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin