Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида
Фарғона шаҳридаги “Автоойна” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган давра суҳбати “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида” деб номланиб, тадбир Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида аҳоли ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданиятини янада оширишга қаратилган 2016-2017 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасига асосан ташкил этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган корхона Маънавий-маърифий ва ижтимоий масалалар бўйича бўлими бошлиғи М.Баннопов барчанинг истеъмолчи эканлигини назарда тутган ҳолда, мазкур тадбир ишида фаол иштирок этишга чақирди.
Тадбир доирасида Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи Ғ.Маматқулов, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Ю.Қозихоновларнинг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида”, “Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва соҳага оид бошқа қонунлар ҳамда қонуности меъёрий ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида”ги маърузалари тингланди.
Давра суҳбати қизғин савол-жавоблар тарзида ўтказилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Тадбир ниҳоясида ташкилотчиларга миннатдорлик изҳор қилиниб, мамлакатимизда истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни ислоҳ қилиш борасида эришилаётган ютуқларга алоҳида урғу бериб ўтилди.
Отправить комментарий