Автомобил йўлларининг бугунги ҳолати қониқарлими?

Автомобил йўлларининг бугунги ҳолати қониқарлими?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари Федерацияси ва унинг ҳудудий органлари томонидан мамлакатимиз ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни ҳамда сохага оид бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларини ижросини таъминланишини ўрганиш, юқоридаги қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш, тушунтириш ва тарғибот қилиш йўналишида тизимли ишларни олиб борилмоқда.

Ҳудудий бирлашма томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунининг 15-моддасида жамоатчилик назорати субъектларига белгилаб берилган ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда, автомобил йўллари соҳасида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда бу борадаги Ҳукумат қарорлари талабларини ижросини таъминланиши ҳолатларини жамоатчилик назорати тартибида таҳлилий-ўрганиш мақсадида алоҳида ишлаб чиқилган буйруқ асосида жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик фикрини ўрганиш ишлари ўтказилди.

Маълумот ўрнида: ижтимоий сўровномада қатнашган 1140 нафар респондентларнинг 57 %и ўз шахсий автомобилига эга, 6 %и корхона, ташкилотларга қарашли автотранспортни (автобус, трактор ва б.) бошқаради, 21 %и да ҳозирда шахсий автомобили бўлмасада, бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси (права) бор. Қолган 16 % респондентларнинг эса шахсий автотранспорти ҳам, бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси ҳам йўқ.

Сўровнома натижаларига кўра, Тошлоқ туманидан сўровномада қатнашган респондентларнинг 75 %и, Данғара туманида 60 %и, Олтиариқда 58 %и, Қувасойда 57 %и вилоят ҳудудидаги автомобил йўллари ҳолатидан қониқишини билдирган бўлса, қолган туман ва шаҳарлардан сўровномада қатнашган аҳолининг аксарияти қисми бу борадаги ишлардан қониқиш ҳосил қилмаслигини маълум қилган. Ушбу йўналишда аҳолининг кўпроқ қисми норози бўлган ҳудудларни Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Риштон ва Қува туманлари аҳолиси ташкил қилади. Умуман олинганда респондентларнинг 47 %и бу борадаги ишлардан қониқиш ҳосил қилсада, лекин йўлларни ҳолатини янада яхшилаш кераклигини, уларнинг 25,7 %и эса умуман қониқиш ҳосил қилмаслигини таъкидлаган.

Қувасой шаҳри (100 %), Данғара (100 %), Бувайда (81 %) ва Тошлоқ (70 %) туманларининг сўровномада қатнашган аҳолисини асосий қисми бугунги автомобил йўллари қулай ва хавфсиз деб ҳисобласа, Қўқон шаҳри, Бешариқ, Риштон ва Фарғона туманларидан сўровномада қатнашганларнинг бирортаси бу борада ижобий фикр билдирмаган. Сўровнома иштирокчиларидан Фарғона шаҳри (58 %),  Қўштепа (58 %), Учкўприк туманларида (47 %) ҳам бу борада салбий фикрларини билдирган респондентлар кўпчиликни ташкил қилади. Умуман олинганда, аҳолининг 33,5 % игина бугунги автомобил йўллари қулай ва хавфсиз деб ҳисоблайди.

Қувасой (100 %), Данғара (100%), Қўқон (80 %), Марғилон (60 %) ҳудудларидан сўровнома иштирокчиларининг аксарияти кўчаларда содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисаси (авариялар)да ҳайдовчиларни айблаган бўлса, Фарғона ш ва Қўштепа (67 %дан), Боғдод (63 %), Бувайда (62 %), Сўх, Фурқат ва Ўзбекистон туманлари (56 %дан), Фарғона ва Бешариқ туманлари (55 %дан) аҳолиси ушбу ҳолатларни содир бўлишида автомобил йўлларининг ҳолати, йўл белгилари ва ҳайдовчиларнинг айбдорлик  даражаси бир хилдалигини маълум қилган. Умуман олинганда жами иштирокчиларнинг 37 %и автомобил йўлларининг ҳолати ҳам аварияга сабаб бўлаётган омиллардан бирилигини кўрсатиб ўтган.

Автомобил йўлларини қуриш, ишлатиш ва ундан фойдаланиш жараёнида истеъмолчиларни энг кўп норози қилаётган 10 та ҳолатдан 3 тасида аҳолининг норозилиги кўпроқлиги қайд қилинди, жумладан:

– уларнинг 25 % и асфальт қопламасини ётқизишдаги камчиликлар натижасида уни тезда яроқсиз ҳолга келиб қолаётганлигидан (Бувайда тумани респондентларининг 90 %и, Фарғона шаҳри 85 %и, Ёзевон тумани 63 %и, Фурқат тумани 53 % шу фикрда);

21 %и автомашина оқими ортиб бораётган бир вақтда, йўлларнинг торлигидан (Қувасой шаҳри ва Данғара туманидан қатнашган респондентларнинг барчаси, Тошлоқ тумани 56,6 %и шу фикрда);

16 %и эса фойдаланувдаги йўлларнинг нотекислиги (ўйдим-чуқур, баланд-паст ва ҳ.к) дан (Ёзевон тумандан қатнашган респондентларнинг 78,3 %и, Фарғона шаҳри ва Қўштепа туманидан 61 %и шу фикрда) норозилигини маълум қилган.

Қолган норозиликлар коммунал идоралар, шунингдек аҳоли томонидан йўлларга зарар етказилиши (Қўқон шаҳридан қатнашганларнинг 53 %и); велосипедчилар учун махсус йўлакларнинг йўқлиги; йўл четидаги дарахтларнинг қаровсиз ҳолатдалиги натижасида йўл белгиларининг яхши кўринмаслиги; асфальт қопламаси устига чизиладиган йўл белгиларининг тезда ўчиб кетиши (Риштон туманидан қатнашганларнинг 80 %и, Бувайда тумани тенг ярми шу фикрда); пиёдалар учун йўлаклар (тротуар)ларнинг етишмаслиги; ёғин-сочин ҳолатларидан кейин йўлларда кўлмаклар ҳосил бўлиши; автомобил оқимини бошқариш (кўприклар, ер ости йўллари ва б. қуриш) борасидаги ишларинг сустлиги каби йўналишларда бўлиб, жами иштирокчиларнинг ўртача 2 % идан   8 % гачасини ташкил қилган.

Сўровнома иштирокчилариниг 28 %и йўл четларини жихозлаш ишларидан қониқмаслигини, 51 %и эса бу борадаги ишларни яхшилаш кераклигини таъкидлаган.

Вилоятдаги автомобил йўлларининг ҳолатини 10 баллик тизимда қандай баҳолайсиз, деган саволга уларнинг 23 %и 5 балл қўйган, жами сўровномада қатнашган умумий аҳолининг 57,5 % ини берган баҳоси 5 баллдан ошмаган (1-5 баллгача). Ҳудудлар кесимида олинганда Бағдод туманида кўпроқ респондент 2 балл, Марғилон шаҳри, Риштон ва Бувайда туманларида кўпроқ респондент 3 балл, Қувасой шаҳри, Учкўприк ва Данғара туманларида 4 балл, Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Ёзевон, Қўштепа, Ўзбекистон ва Фурқат туманларида иштирокчиларнинг кўпроқ қисми 5 балл, Фарғона ва Бешариқ туманларида   6 баллга баҳолаган.

Автомобил йўлларининг сифати тез бузилиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолишига сабаб қилиб респондентларнинг 31 %и аҳоли ва транспорт эгалари айбдорлигини, сабаби аҳоли ва транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўлларга турли усулларда зарарлар етказилаётганлигини (Қувасой шаҳри, Тошлоқ, Данғара туманларида кўпроқ респондетлар шу фикрда), 20 %и эса бунда йўл қурувчиларнинг айби борлигини, чунки йўл қопламаси ётқизилиши жараёнида материалларни ўғирлаш ва бошқа шу каби салбий ҳолатлар ҳам учраб туришини (Марғилон шаҳри, Қува, Фурқат туманларида кўпроқ респондентлар шу фикрда), 45,4 %и қурилиш жараёнида амалдаги меъёрлар, нормалар ва стандартлар талабларига амал қилинмаслиги натижасида йўллар тезда яроқсиз ҳолга келиб қолаётганлигини кўрсатиб ўтганлар (Фарғона, Қўқон шаҳарлари, Фарғона, Қўштепа, Сўх, Риштон, Бағдод, Бувайда, Учкўприк ва Бешариқ туманларидаги кўпроқ респондентлар шу фикрда). Қолган респондентлар бу борада бошқа фикрларни билдирган.

Респондентларнинг 31,5 %и автомобил йўллари масалаларида муаммо ва камчиликлар пайдо бўлган ҳолатларда қайси идорага мурожаат қилиш кераклигини билмайди (Риштон, Бағдод, Учкўприк туманларида кўпроқ), шуларнинг ярми бу тўғрисида ҳеч қаерда маълумот берилмаганидан билмаслигини кўрсатиб ўтган (Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Қува туманидан кўпроқ респондент).

Юқоридагиларни умумлаштириб қуйидаги умумий хулосаларни чиқариш ўринлидир:

– аҳолининг аксарият қисми автомобил йўлларининг бугунги ҳолатидан қониқиш ҳосил қилмайди;

– уларнинг ҳар 3 тадан 1 тасигина бугунги автомобил йўлларини қулай ва хавфсиз деб ҳисобламоқда;

–  уларнинг 37 % и кўчаларда содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари (авариялар)да автомобил йўлларининг ҳолати ҳам сабаб бўлмоқда, деган фикрда;

– истеъмолчиларни энг кўп норози қилаётган ҳолатлар: асфальт қопламасини ётқизишдаги камчиликлар натижасида уни тезда яроқсиз ҳолга келиб қолаётганлиги, автомашина оқими ортиб бораётган бир вақтда, йўлларнинг торлиги, фойдаланувдаги йўлларнинг нотекислиги (ўйдим-чуқур, баланд-паст ва ҳ.к) каби ҳолатлардир;

–  истеъмолчиларнинг аксарият қисми автомобил йўллари четларини жихозлаш ишларидан қониқмайди;

– аҳолининг кўпчилик қисми вилоятдаги автомобил йўлларининг ҳолати яхши эмас, деган фикрда;

– респондентлар ичида автомобил йўлларига боғлиқ масалаларда давлат идораларига мурожаат қилганлар сони кўп бўлмасада, уларнинг ҳар 5 тадан 1 таси ўз мурожаатини ўрганиш натижаларидан қониқмаган, ҳаттоки мурожаатни кўриб чиқилмаслик ҳолатларига дуч келинган;

–  истеъмолчиларнинг кўпроқ қисми йўл қурилиш жараёнида амалдаги меъёрлар, нормалар ва стандартлар талабларига тўлиқ амал қилинмаслиги натижасида йўллар тезда яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда, деган фикрда;

– сўровнома иштирокчиларининг 31,5 % и автомобил йўллари масалаларида муаммо ва камчиликлар пайдо бўлганда мурожаат қилиши мумкин бўлган ваколатли идорани аниқ билмайди.

Амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 4-моддасига кўра, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, уни тегишли даражада сифатли бўлиши, хавфсиз бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши каби ҳуқуқларга эга.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) эса истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт (6-модда).

Узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим (11-модда).

Истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи товар ишлаб чиқарганлик (иш бажарганлик, хизмат кўрсатганлик) учун қонун ҳужжатларига мувофиқ: ишлаб чиқарувчи (ижрочи); норматив ҳужжатларни тасдиқлаган орган; мувофиқлик сертификати берган орган; соғлиқни сақлаш, табиатни муҳофаза қилиш, ветеринария хизмати органлари ёки хавфли товар (иш, хизмат)ни ишлаб чиқариш ёхуд реализация қилишга рухсат берган бошқа органлар жавобгар бўлади (12-модда).

Товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъий назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (20-модда).

Амалдаги қонун талабларидан келиб чиққан ҳамда юқорида (умумий хулосада) кўрсатиб ўтилган масалаларни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклиф (тавсия)лар билдирилади:

– Автомобил йўллари қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари фаолияти, уларнинг асосий функциялари ва вазифалари юзасидан ўз электрон ресурслари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ёрдамида аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш;

– аҳолининг кенг қатламлари, шунингдек ёшлар учун автомобил йўллари, улардан тўғри ва самарали фойдаланиш ҳамда йўллар тизимига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, бу борадаги ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, мазкур масалалар билан боғлиқ муаммоларга дуч келинганда қаерга ва қандай мурожаат қилиш каби масалаларни ўз ичига олган содда, тушунарли буклет, брошюра, флаер ва тарғиботнинг бошқа воситаларини тайёрлаш, истеъмолчиларга етказиб бериш;

– йўллар қурилиши жараёнида амалдаги меъёрлар, нормалар ва стандартлар талабларига тўлиқ амал қилинишини қатъий назоратга олиш, мазкур ҳолатлардан аҳолининг хабардорлигини таъминлаш;

– Қўмита ва унинг ҳудудий органларига автомобил йўллари масалаларида аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар, уларни ўрганиб чиқилиши ва ҳал этилиши борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш;

– тизимда коррупция, уюшган жиноятчилик ва бошқа шу каби салбий иллатларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлардан кенг жамоатчилик хабардорлигини таъминлаш;

– тизимда жамоатчилик назорати механизмларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида юртимиздаги фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик олиб бориш.

Ҳудудий бирлашма мониторинг сектори

Post Comment