Сизнинг мурожаатингиз қаноатлантирилди …

Сизнинг мурожаатингиз қаноатлантирилди …

Агар бирор идорага мурожаат қилсангизу, шу мазмундаги жавоб хати олсангиз, албатта, кўнглингиз тоғдек кўтарилиши бор гап. Ахир Сизнинг мурожаатингиз эътиборсиз қолдирилмади, арзу додингиз эшитилди, камига масала ижобий ҳал этилди. Лекин шу онда, қўлингизга келиб тушиб, кўнглингизни тоғдек кўтарган ана шу жавоб хатининг шу мазмунда ёзилишига эришиш ўз-ўзидан бўлмаслигини, бунинг ортида кимларнингдир пешона тери, меҳнати турганлигини ҳам ҳаёлингиздан бир ўтказиб қўясизми?

Бугун юртимизда мурожаатлар билан ишлаб, халқимизнинг дуосини олаётган ташкилотлар талайгина. Шундай ташкилотлар қаторига Федерация ва унинг ҳудудий органларини ҳам қўшсак адолатдан бўлса керак. Сабаби Федерация тизимига келиб тушган мурожаатлар, аксарият ҳолларда, мурожаат қилувчининг фойдасига ҳал этилмоқда.

Федерациянинг Бешариқ туман жамиятига келиб тушган навбатдаги мурожаат сотиб олинган телевизор нуқсонли чиққани-ю, сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларига қулоқ осмаётганлиги хусусида экан.

И.Хомидовнинг мурожаатини ўрганиш жараёнида, истеъмолчи маиший техника буюмлари савдоси билан шугулланувчи якка тартибдаги тадбиркордан “YASIN” русумли телевизор харид килганлиги, лекин кафолат муддати ичида телевизорда нуқсон чиқиб, носоз ҳолатга келганлиги маълум бўлди. Унинг мазкур масалада сотувчига қилган мурожаатлари эса бесамар кетган. Шундан сўнг туман жамиятига мурожаат қилган. Мурожаатида истеъмолчи нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш талабини ҳам қўйган эди. Албатта, бу унинг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларидан биридир.

Жамият ходимлари сотувчи билан учрашиб, унга қонун талаблари бўйича тушунтиришлар олиб борганларидан сўнг, у қонун тарафдори эканлигини намойиш қилган ҳолда, нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб бериб, ўзининг мажбуриятларини адо этди. Сотувчига келгуси фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда иш олиб бориш бўйича қўшимча тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Бугун туман жамияти манзилидан “Сизнинг мурожаатингиз қаноатлантирилди”, мазмунидаги навбатдаги яна бир жавоб хати ўз эгасининг кўнглини тоғдек кўтариш учун йўлга чиқадиган бўлди.     

 Улугбек Жураев

Бешариқ тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

(юқорида иллюстратив расм)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin