Асоссиз қарздорлик бартараф этилди ҳамда истеъмолчи ҳуқуқи тикланди

Асоссиз қарздорлик бартараф этилди ҳамда истеъмолчи ҳуқуқи тикланди

Коммунал хизматлардан фойдаланиш жараёнида баъзан истеъмолчилар турли тушунмовчиликлар ва асоссиз ҳисоб-китобларга дуч келиши мумкин. Бундай вазиятларда ўз ҳуқуқларини билиш ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро А.Д. ичимлик суви таъминоти бўйича ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаатда унинг хонадонига нисбатан катта миқдорда қарздорлик ҳисоблангани, бироқ бу қарзнинг асослилиги юзасидан шубҳалари мавжудлиги билдирилган.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари ҳамда сув таъминоти корхонаси ходимлари иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш давомида сув ҳисоблагичининг техник ҳолати, қиёслов ҳужжатлари, тўловлар тарихи ва абонент маълумотлари ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида истеъмолчининг сув ҳисоблагичи белгиланган тартибда ўрнатилгани, ҳисоблагич қонуний тарзда қиёсловдан ўтказилгани ҳамда истеъмолчи томонидан тўловлар амалга ошириб келингани маълум бўлди. Шу билан бирга, сув таъминоти корхонасининг маълумотлар базасига ҳисоблагичнинг завод рақами ва маркаси техник хатолик сабабли киритилмагани аниқланди.

Мазкур хатолик оқибатида истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақами бўйича асоссиз қарздорлик шаклланган. Муаммо юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, маълумотлар қайта кўриб чиқилди. Натижада ҳисоб-китобларга аниқлик киритилди ва истеъмолчини безовта қилиб келган муаммо ижобий ҳал этилди.

Ушбу ҳолат ҳар бир истеъмолчи учун муҳим сабоқ бўла олади. Коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларда тушунмовчилик ёки асоссиз қарздорлик аниқланган тақдирда, аввало хизмат кўрсатувчи ташкилотдан расмий тушунтириш талаб қилиш, зарурат туғилганда эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат этиш мақсадга мувофиқ.

Унутмаслик керакки, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизмат сифати ва ҳисоб-китобларнинг тўғри юритилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Вақтида қилинган мурожаат эса муаммонинг адолатли ҳал этилишига хизмат қилади.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin