Пестицидлар ва агрохимикатларни реализация қилишда истеъмолчига тўлақонли маълумот берилиши лозим

Пестицидлар ва агрохимикатларни реализация қилишда истеъмолчига тўлақонли маълумот берилиши лозим

Истеъмолчи товар ёки хизматни сотиб олар экан, уни тўғри ва хавфсиз қўллаш учун етарли маълумотга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда нотўғри фойдаланиш натижасида моддий зарар, саломатликка хавф ёки бошқа нохуш оқибатлар юзага келиши мумкин. Федерациянинг Данғара туман жамияти томонидан кўриб чиқилган мурожаатлардан бири бири бу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

Данғара туманида яшовчи фуқаро Ш.Т.нинг мурожаатида ветеринария дорихонасидан маккажўхори экини ичида ўсувчи ёввойи ўтлар билан курашиш учун пестицид сотиб олингани, аммо уни қўллаш тартиби ва эҳтиёт чоралари тўлиқ тушунтирилмагани билдирилган. Натижада пестицид қўлланилиши нафақат ёввойи ўтларни, балки маккажўхорини ҳам қуритиб қўйган. Бу эса истеъмолчининг зарар кўришига олиб келган. Мурожаат асосида ўрганиш ўтказилиб, ҳолатга аниқлик киритилган.

Ўрганиш давомида ветеринария дорихонаси масъуллари билан суҳбат ўтказилиб, ҳолат таҳлил қилинганда истеъмолчи томони дори воситасини ёввойи ўтлар билан курашиш учун деб сўраганлиги, сотувчи томони ҳам берилаётган дори воситасининг алоҳида хусусиятлари бўйича қўшимча тушунтиришлар бермаганлиги натижасида, маккажўхори экини ичидаги ёввойи ўтлар билан курашиладиган эмас, балки очиқ майдонда ўсадиган ёввойи ўтлардан тозалайдиган восита бериб юборилгани маълум бўлди. Музокара якунлари билан дорихона раҳбарияти томонидан истеъмолчига етказилган зарар қоплаб берилди.

Шу ўринда бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунидан айрим нормаларни келтириб ўтишни жоиз деб биламиз.

Қонун 6-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) тўғрисида тўғри, тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Бу дегани сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи:

– товарнинг хусусиятлари;
– уни қўллаш тартиби;
– хавфсизлик чоралари;
– сақлаш шартлари;
– эҳтимолий оқибатлар ҳақида истеъмолчига тушунарли шаклда маълумот бериши шарт.

Шунингдек, Қонуннинг 7-моддасида товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумот истеъмолчига тўғри танлов қилиш имконини бериши лозимлиги белгиланган. Агар етарли маълумот берилмагани сабабли истеъмолчига зарар етказилса, бу ҳолат қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Айниқса дори воситалари, ветеринария препаратлари, кимёвий маҳсулотлар ва техник қурилмаларни сотишда истеъмолчига аниқ кўрсатма бериш жуда муҳим. Чунки маҳсулотдан нотўғри фойдаланиш:

– молиявий зарарга;
– ҳайвонлар ёки инсон саломатлигига зиён етказишига;
– қўшимча харажатларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис истеъмолчи маҳсулотни сотиб олишдан аввал унинг қўллаш тартиби, дозаси, чекловлари ва хавфсизлик талаблари ҳақида батафсил маълумот сўраш ҳуқуқига эга.

Маҳсулот, айниқса дори воситаси ёки махсус қўлланадиган товарни харид қилаётганда:

– қўллаш тартибини сотувчидан аниқлаштиринг.
– йўриқнома билан танишиб чиқинг.
– чек ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатни сақлаб қўйинг.
– зарар ёки муаммо келиб чиққан тақдирда ваколатли ташкилотларга мурожаат қилинг.

Ушбу ҳолат истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва уларни ҳимоя қилиш механизмларидан фойдаланиши муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Истеъмолчига тўлиқ ва ишончли маълумот бериш нафақат қонуний мажбурият, балки сифатли хизмат кўрсатишнинг ҳам муҳим шарти ҳисобланади.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin