Инфографика: Уй-жой харидида нималарга эътибор қаратиш зарур?

Инфографика: Уй-жой харидида нималарга эътибор қаратиш зарур?

Бугунги кунда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани сабабли қурилиш компаниялари билан тузилаётган шартномалар сони ҳам кўпаймоқда. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда истеъмолчилар тўловларни амалга оширган бўлса-да, ваъда қилинган шартлар бажарилмаслиги, уйнинг белгиланган муддатда топширилмаслиги ёки бошқа муаммоларга дуч келмоқда. Ана шундай вазиятларда истеъмолчининг ҳуқуқий билими ва қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари, бу борада истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорлиги катта аҳамият касб этади.

Шу ўринда, турли шартларда уй-жой харид қилаётган юртдошларимизга «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг айрим нормаларини келтириб ўтган ҳолда, бу борада нималарга эътиборли бўлишлари лозимлигини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.

Юқорида номи зикр этилган Қонун истеъмолчиларнинг товар, иш ва хизматлардан фойдаланишдаги ҳуқуқларини кафолатлайди. Хусусан, қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчи:

товар (иш, хизмат)нинг сифатига;
хавфсизлигига;
тўғри ва тўлиқ ахборот олишга;
ўз манфаатларини ҳимоя қилишга;
етказилган зарарни қоплатишга бўлган ҳуқуқларга эга.

Уй-жой сотиб олиш ҳам хизмат муносабатларининг бир тури ҳисобланади. Шу боис қурилиш компанияси истеъмолчига шартнома шартлари, тўлов тартиби, хонадоннинг ҳолати, топшириш муддати ва бошқа муҳим маълумотларни аниқ ва тўлиқ тақдим этиши шарт.

Қонуннинг 6-моддасида эса истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақида ишончли ахборот олиш ҳуқуқи белгиланган. Демак, қурувчи ташкилот харидорни чалғитувчи ёки ноаниқ маълумот бермаслиги лозим.

Шунингдек, қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, агар хизмат шартнома талабларига мос келмаса ёки истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилса, у ўз талабларини қонуний тартибда қўйиш ҳуқуқига эга.

Мутахассислар уй-жой сотиб олишдан олдин қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилади:

шартномани шошилмасдан ўқиб чиқиш;
тўлов жадвали ва жарима шартларини тушуниб олиш;
қурилиш компаниясининг лицензия ва ҳужжатларини текшириш;
берилган ваъдаларни оғзаки эмас, ёзма шаклда расмийлаштириш;
ҳар бир тўлов учун тасдиқловчи ҳужжат сақлаш.

Агар истеъмолчи уй-жой хариди масалаларида ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, бу борадаги ваколатли давлат идораларига, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига ёки суд органларига мурожаат қилиши мумкин.

Уй-жой хариди — инсон ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бири. Бундай жараёнда ҳуқуқий саводхонлик, шартномани чуқур ўрганиш ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларни билиш истеъмолчини кўплаб муаммолардан асрайди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin