Тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари диққат марказида
Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан туман ҳудудидаги 87-оилавий шифокорлик пунктида тиббиёт ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда истеъмолчиларга тиббий хизматлар кўрсатиш жараёнида тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолига сифатли ва хавфсиз тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари юзасидан фикр алмашилди.
Давра суҳбати давомида соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларнинг ҳуқуқлари билан бир қаторда уларнинг беморлар олдидаги масъулияти ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Хусусан, тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариши, беморларга нисбатан хушмуомалада бўлиши, тиббий ёрдам кўрсатишда белгиланган стандарт ва тартибларга қатъий риоя қилиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига тиббий хизматлардан фойдаланувчи фуқароларнинг ҳуқуқлари, жумладан, сифатли тиббий хизмат олиш, ўз соғлиғи ҳолати ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, тиббий маълумотларнинг махфийлиги таъминланиши каби масалалар юзасидан тушунчалар берилди. Бундай ҳуқуқларни таъминлашда тиббиёт ходимларининг ўрни ва масъулияти беқиёс экани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот жараёнида тиббиёт муассасаларида учраши мумкин бўлган турли низоли ҳолатларнинг олдини олиш, мурожаатлар билан ишлаш маданиятини ошириш, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга қаратилган тавсиялар билдирилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан соҳадаги амалий фаолият давомида юзага келаётган айрим масалалар муҳокама қилиниб, улар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Савол-жавоблар тарзида ўтган мулоқот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидланганидек, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлашга қаратилган бундай тадбирлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти бу каби маърифий тадбирларни келгусида ҳам мунтазам давом эттиришни режалаштирган.



Post Comment