Иссиқлик хизмати сифатсиз бўлса, истеъмолчи тўловдан озод қилиниши мумкинми?
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда истеъмолчилар коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашга мажбур бўлсалар-да, хизмат белгиланган сифатда кўрсатилмайди. Бундай вазиятларда истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, уларни ҳимоя қилиш мумкин. Қуйида келтириб ўтиладиган ҳолат ҳам бунинг яққол мисолидир.
Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Х. Х. яшаб турган кўп қаватли уйда 2025–2026 йиллар давомида иссиқлик таъминоти талаб даражасида таъминланмаган. Шунга қарамасдан, иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан хонадон учун 2 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ва пеня ҳисобланган.
Фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Жамият томонидан унинг манфаатлари кўзлаб судга даъво аризаси киритилган.
Суд муҳокамаси давомида иссиқлик таъминоти корхонаси мутахассиси томонидан тузилган далолатнома ўрганилди. Унда мазкур уйда 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти етарли даражада таъминланмагани қайд этилган. Шунингдек, корхона вакили ҳам хизмат сифатининг пастлиги сабабли қарздорликнинг бир қисми қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозимлигини тан олган.
Фуқаролик кодексининг 468-моддасига мувофиқ, энергия билан таъминловчи ташкилот истеъмолчига белгиланган тартибда ва сифатда энергия етказиб беришга мажбур. Истеъмолчи эса ҳақиқатда олинган хизмат учун ҳақ тўлайди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга кўра, агар иссиқлик таъминоти белгиланган параметрларга жавоб бермаса, етказиб берувчи корхона тегишли далолатнома тузиши ва етказиб берилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган хизмат қийматини қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Иш ҳужжатлари ва далилларни ҳар томонлама ўрганган суд даъвони қисман қаноатлантирди ҳамда фуқаро Х. Х.га нисбатан ҳисобланган коммунал қарздорликнинг 50 фоизидан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Агар уйингизда:
иссиқлик таъминоти етарли даражада бўлмаса;
иситиш тизими белгиланган меъёрларда ишламаса;
хизмат сифати шартнома ёки қонунчилик талабларига жавоб бермаса, сиз қуйидаги ҳуқуқларга эгасиз:
✔ хизмат сифати бўйича ёзма мурожаат қилиш;
✔ ҳолатни ўрганиш ва далолатнома тузилишини талаб қилиш;
✔ қайта ҳисоб-китоб қилишни сўраш;
✔ ҳуқуқларингиз тикланмаган тақдирда судга мурожаат қилиш;
✔ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларидан ҳуқуқий ёрдам олиш.
Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш истеъмолчининг мажбурияти ҳисобланади. Аммо хизмат белгиланган сифатда кўрсатилмаган бўлса, истеъмолчи асоссиз ҳисобланган тўловларни тўлашга мажбур эмас. Муҳими, ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўз вақтида расмийлаштириш ва қонуний тартибда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.
Марғилон шаҳридаги мазкур суд қарори истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билса ва уларни ҳимоя қилишда фаол бўлса, адолатга эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлади.



Post Comment