Кредит асосида товар харид қилганда шартнома шартларини диққат билан ўрганинг
Бугунги кунда маиший техника ва бошқа товарларни муддатли тўлов ёки кредит асосида харид қилиш амалиёти кенг тарқалган. Бироқ айрим ҳолларда истеъмолчилар шартнома шартларини тўлиқ тушуниб етмасдан имзо қўйиши натижасида турли тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Олтариқ туманидаги бир мурожаат ҳам бунинг яққол мисолидир.
Фуқаро Т.Э. кредит асосида газ плитаси ва бошқа маиший техника воситаларини харид қилганидан сўнг, тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар ва шартнома шартларидан норози бўлиб, Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Мурожаатда сотувчи ходимлари товарнинг ҳақиқий нархи, кредит бўйича тўловлар ҳамда фоизлар ҳақида етарлича тушунтириш бермаганини таъкидлаган.
Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганишларда савдо ташкилоти ва молия ташкилотидан тушунтиришлар олинган. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, харид қилинган товарлар учун тузилган муддатли тўлов шартномаси кейинчалик бекор қилингани ва истеъмолчининг корхона олдида қарздорлиги мавжуд эмаслиги маълум қилинган.
Нима учун бундай ҳолатлар юзага келади?
Кўпинча истеъмолчилар:
– шартномани тўлиқ ўқиб чиқмайди;
– ойлик тўловлар қандай ҳисобланишини аниқлаштирмайди;
– товарнинг нақд пулдаги ва кредитдаги якуний қийматини таққосламайди;
– фоизлар, комиссиялар ва қўшимча тўловларга етарлича эътибор бермайди.
Натижада хариддан кейин кутилмаган тўловлар ёки тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Қонун истеъмолчига қандай ҳуқуқлар беради?
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Сотувчи эса товарнинг нархи, тўлов шартлари, кредит ёки муддатли тўлов бўйича мажбуриятлар ҳақида аниқ маълумот бериши шарт.
Шунингдек, истеъмолчи шартнома тузишдан олдин унинг барча шартлари билан танишиш ва тушунмаган бандлари бўйича изоҳ талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга.
Кредит асосида харид қилишда нималарга эътибор бериш керак?
– шартномани шошилмасдан ўқинг.
– товарнинг нақд ва кредитдаги умумий қийматини таққосланг.
– барча фоиз ва комиссияларни аниқлаштиринг.
– тўлов жадвалининг нусхасини олинг.
– касса чеки, шартнома ва бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйинг.
– тушунмаган банди бўлса, имзо қўйишдан олдин тушунтириш талаб қилинг.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш ўтиш мумкинки, кредит ёки муддатли тўлов асосида товар харид қилиш қулай имконият яратса-да, ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши лозим. Шартномани диққат билан ўқиш, барча ҳисоб-китобларни олдиндан аниқлаштириш ва ҳужжатларни сақлаш келажакдаги кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Зеро, истеъмолчининг хабардорлиги унинг манфаатларини ҳимоя қилишдаги энг муҳим омил ҳисобланади.



Post Comment