Маҳалла аҳлининг мурожаати ўз самарасини берди

Маҳалла аҳлининг мурожаати ўз самарасини берди

Аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш масъул ташкилотларнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар учун ичимлик суви, оқова тизими ва уй-жой бошқаруви хизматларининг узлуксиз ишлаши кундалик ҳаёт учун катта аҳамиятга эга. Бироқ айрим ҳолларда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ўзларига хизмат кўрсатувчи “Yozyovon Hause 2022” масъулияти чекланган жамияти фаолиятидан норози бўлиб, туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилганлар. Мурожаатларда уй-жой мулкдорлари ширкатининг амалда хизмат кўрсатмаётгани, аҳолидан турли қарздорликлар талаб қилинаётгани, ичимлик суви ва оқова хизматлари билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги қайд этилган.

Фуқароларнинг таъкидлашича, айрим хонадонларга хизмат кўрсатилмаган бўлса-да, улар номига қарздорликлар чиқарилган, шунингдек, қарз мавжудлиги баҳонасида сув таъминоти чекланган ҳолатлар ҳам кузатилган. Айрим мурожаатчилар ўзлари томонидан амалга оширилган тўловлар ҳисобга олинмаганини билдирган.

Мурожаатлар келиб тушгач, жамият мутахассислари томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган. Бунинг учун жамият томонидан “Yozyovon Hause 2022” МЧЖ раҳбариятига ҳамда туман сув таъминоти ташкилотига расмий сўров хатлари юборилиб, аҳолига кўрсатилган хизматлар, тузилган шартномалар ва мавжуд муаммолар бўйича маълумотлар тақдим этилиши сўралган.

Бироқ ўрганиш жараёнида хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг расмий мурожаатига ўз вақтида жавоб берилмаган. Шундан сўнг жамият томонидан мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратурасига мурожаат қилиниб, масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш сўралган.

Мазкур ҳолат истеъмолчиларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Чунки фуқароларнинг жамоавий мурожаати орқали хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати кучаяди, муаммолар очиқланади ва уларни бартараф этиш учун ҳуқуқий механизмлар ишга тушади.

Истеъмолчилар нимани билиши керак?

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ:

– истеъмолчи сифатли коммунал хизмат олиш ҳуқуқига эга;
– хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган тақдирда қайта ҳисоб-китоб талаб қилиш мумкин;
– ҳар қандай қарздорлик ҳақида аниқ ҳисоб-китоб ва асословчи ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд;
– мурожаатларга белгиланган муддатларда жавоб берилиши шарт;
– ҳуқуқлари бузилганда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, прокуратура ва судларга мурожаат қилиш мумкин.

Ёзёвон туманидаги мазкур воқеа фуқароларнинг ҳуқуқий фаоллиги ва жамоавий мурожаатлари муаммоларни ҳал этишда муҳим восита эканини яна бир бор тасдиқлади. Истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билса ва уларни ҳимоя қилишдан чўчимаса, адолатга эришиш имконияти янада ортади.

Ҳуқуқингизни билинг, талаб қилинг ва ҳимоя қилинг — бу ҳар бир истеъмолчининг қонуний ҳуқуқидир.

Post Comment