Фуқаролар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

Фуқаролар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан туман ҳудудидаги 13-давлат мактабгача таълим ташкилотида “Фуқаролар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди. Унда мактабгача таълим ташкилоти педагог ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик нормалари мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ҳамда кундалик ҳаётда учрайдиган турли ҳуқуқий муносабатларда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қила олиш кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг асосий талаблари, истеъмолчиларнинг сифатли товар ва хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи, маҳсулот ва хизматлар ҳақида тўлиқ ҳамда ишончли ахборот олиш имкониятлари, шунингдек, ҳуқуқлари бузилган тақдирда мурожаат қилиш тартиблари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, коммунал хизматлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида учрайдиган муаммоли ҳолатлар, истеъмолчилар томонидан энг кўп йўл қўйиладиган хатолар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида ҳам фикр алмашилди. Мутахассислар томонидан харид қилинган товар учун чек ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш, шартнома шартлари билан танишиб чиқиш ҳамда ҳуқуқий муаммолар юзага келганда тегишли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари, коммунал хизматлардан фойдаланиш, кафолат муддатлари, шартномавий муносабатлар ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

Таъкидланганидек, ҳуқуқий билим ва хабардорлик даражасининг юқори бўлиши фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишига хизмат қилади. Бу эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолат тамойилларини мустаҳкамлаш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бундай тадбирларни келгусида ҳам мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган. Бу каби учрашувлар фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Post Comment