Қайта ҳисоб-китоб натижасида қарздорликнинг асоссиз қисми бекор қилинди

Қайта ҳисоб-китоб натижасида қарздорликнинг асоссиз қисми бекор қилинди

Баъзан истеъмолчилар ўзлари фойдаланмаган ёки ҳақиқатга мос келмайдиган хизматлар учун катта миқдордаги қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб мурожаат қилишади. Аксарият ҳолларда бундай вазиятлар маълумотлар базасидаги хатоликлар, абонент манзилининг ўзгариши ёки ҳисоб-китобларнинг тўлиқ аниқлаштирилмагани сабабли юзага келади.

Шундай ҳолатлардан бири Қўштепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д. А. билан боғлиқ мурожаатда ҳам кузатилди.

Фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, “Водий махсус санитар транс” МЧЖ томонидан унга 1 068 000 сўм миқдорида нореал қарздорлик ҳисоблангани юзасидан эътироз билдирди. У мурожаатида янги манзилда атиги уч ой яшаганига қарамай, ушбу миқдордаги қарздорлик ҳисоблангани адолатсиз эканини маълум қилган.

Мурожаат Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан зудлик билан назоратга олинди.

Ўрганишлар хизмат кўрсатувчи корхонанинг абонентлар билан ишлаш масъуллари иштирокида олиб борилди. Қўшимча текширувлар давомида фуқаро аввал яшаган манзилдан Марғилон шаҳридаги янги яшаш манзилига кўчиб ўтгани ҳамда янги манзил бўйича хизматлар учун тўловларни мунтазам амалга ошириб келаётгани аниқланди.

Ўрганиш натижасида дастлаб ҳисобланган 1 068 000 сўмлик қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Натижада қарздорлик миқдори 237 760 сўм этиб белгиланди. Шундай қилиб, асоссиз ҳисобланган 830 минг сўмдан ортиқ қарздорлик бекор қилиниб, истеъмолчининг мурожаати қаноатлантирилди.

Кейинчалик расмий маълумотномада ҳам мазкур ҳолат яна бир бор тасдиқланиб, фуқаронинг манзилини ўзгартиргани ва айнан шу сабабли ҳисоб-китоб қайта кўриб чиқилгани қайд этилган.

Мазкур ҳолат шуни кўрсатадики, коммунал ва маиший хизматлар бўйича ҳисобланган қарздорлик доимо ҳам тўғри бўлавермайди. Айрим ҳолларда маълумотлар базасидаги камчиликлар ёки абонент ҳақидаги маълумотларнинг ўз вақтида янгиланмагани сабабли асоссиз қарздорлик юзага келиши мумкин.

Бундай вазиятларда истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортинмаслиги, ҳисоб-китобларни қайта текширтиришни талаб қилиши ва зарур ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиши муҳимдир.

Қўштепа туманида юз берган ушбу ҳолат ҳам мурожаат ўз вақтида ва холисона ўрганилганда истеъмолчининг қонуний манфаатларини тиклаш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлади.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin