Кафолатли таъмирда истеъмолчи манфаати ҳимоя қилинди ва носоз телефон соз ҳолатда эгасига қайтарилди
Бугунги кунда мобил телефонлар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Шу сабабли харид қилинган қурилмада носозлик юзага келганда истеъмолчи унинг тезкор ва сифатли таъмирланишини ёки қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқларининг таъминланишини кутади. Бироқ айрим ҳолларда сервис марказлари таъмирлаш муддатлари бўйича аниқ маълумот бермаслиги ёки истеъмолчини узоқ вақт кутишга мажбур қилиши норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Шундай мурожаатлардан бири Фарғона шаҳрида ҳам ижобий ҳал этилди.
Қува тумани, Истиқлол кўчасида яшовчи фуқаро Р.Я. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақами орқали мурожаат қилиб, ўзининг HONOR X7D русумли мобил телефони кафолат муддати давомида носоз ҳолатга келгани сабабли сервис марказига топширилганини, бироқ телефон қачон таъмирланиши ҳақида аниқ маълумот берилмаётганидан норози эканини маълум қилди.
Мурожаат Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан назоратга олиниб, HONOR SERVIS МЧЖ раҳбари номига расмий сўров хати юборилди. Унда мобил телефоннинг айни пайтдаги техник ҳолати, носозлик сабаблари, амалга оширилган ишлар ҳамда таъмирлаш муддати ҳақида батафсил маълумот тақдим этилиши сўралди.
Сервис маркази томонидан тақдим этилган техник хулосага кўра, қурилмани диагностика қилиш жараёнида асосий плата ва пастки платада қисқа туташув излари аниқланган. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳолат сифатсиз электр таъминоти ёки қурилмани зарядлаш вақтида электр тармоғидаги кучланишнинг ўзгариши оқибатида юзага келган бўлиши мумкин. Шунингдек, телефонни таъмирлаш учун зарур эҳтиёт қисмлар Тошкент шаҳридаги сервис марказидан олиб келиниши талаб этилгани, барча эҳтиёт қисмлар кафолат асосида бепул алмаштирилгани ва таъмирлаш ишлари якунлангани маълум қилинган.
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўтказилган ўрганиш якунларига кўра, сервис маркази зарур техник ишларни якунлаб, HONOR X7D мобил телефонини тўлиқ соз ҳолатга келтирди.
Натижада телефон эгасига ишчи ҳолатда қайтарилди ва истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг амалий кўмаги орқали фуқароларнинг қонуний манфаатларини қисқа муддатларда тиклаш мумкинлигини яна бир бор намоён этди.
Агар харид қилган маиший техника ёки мобил қурилма кафолат муддати давомида носоз ҳолатга келса:
– кафолат талони ва харид ҳужжатларини сақланг;
– қурилмани фақат ваколатли сервис марказига топширинг;
– таъмирлаш жараёни ва муддати ҳақида ёзма маълумот талаб қилинг;
– ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилинг.



Post Comment