Истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш борасидаги муаммолар долзарблигича қолмоқда
Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз ва ўз вақтида таъминлаш бугунги кунда энг муҳим ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун суюлтирилган газ кундалик турмушнинг ажралмас қисми саналади. Шу боис уни етказиб беришдаги ҳар қандай кечикиш ёки узилиш истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи бир неча фуқароларнинг мурожаатлари ҳам мазкур муаммонинг ҳануз долзарблигини кўрсатади.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ёзёвон туман жамиятига фуқаролар Ж.М., М.Т. ва Н.М.лар томонидан суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ алоҳида-алоҳида мурожаатлар келиб тушди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан мутасадди ташкилотлар иштирокида ўрганишлар ўтказилди. Натижада мурожаатчиларнинг хонадонлари белгиланган тартибда суюлтирилган газ билан таъминланди ва уларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
Мурожаатларни кўриб чиққан “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали масъуллари мазкур ҳолатларга ҳам изоҳ берди. Уларнинг маълум қилишича, аҳоли томонидан билдирилаётган ҳақли эътирозлар асосан:
– суюлтирилган газ етказиб бериш навбатининг чўзилиши;
– газ ишлаб чиқарувчи заводлар томонидан вилоят учун ажратилаётган фонд ҳажмининг етарли эмаслиги;
– ажратилган ҳажмларни ҳудудларга ўз вақтида етказиб беришдаги узилишлар билан боғлиқ. Шунингдек, фонд ҳажми оширилиши билан мазкур узилишлар қисқа муддатларда бартараф этилиши таъкидланган.
Бу эса муаммо айрим хонадонлар билан эмас, балки таъминот занжиридаги тизимли омиллар билан ҳам боғлиқ эканини кўрсатади.
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари ҳар бир мурожаат бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказди.
Газ таъминоти хизмати ходимлари иштирокида далолатномалар расмийлаштирилди, мурожаатчиларнинг хонадонлари кўздан кечирилди ва белгиланган тартибда газ балонлари етказиб берилди. Шу билан бирга, фуқароларга газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари юзасидан ҳам қўшимча тушунтиришлар берилди.
Бу амалиёт истеъмолчилар мурожаатлари эътиборсиз қолмаётганини ва ҳар бир ҳолат бўйича амалий чоралар кўрилаётганини кўрсатади.
Суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, Қўштепа туманида яшовчи фуқаро И.Қ. ҳам Федерациянинг 1091 ишонч телефони орқали суюлтирилган газ балони билан таъминлаш масаласида мурожаат қилган.
Мурожаат Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан тезкор ўрганилди. Газ таъминоти хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар давомида хонадонда маиший газ балонидаги газ тугагани аниқланиб, белгиланган тартибда суюлтирилган газ балони билан таъминланди. Натижада мурожаат ижобий ҳал этилди ва истеъмолчи талаби қаноатлантирилди.
Бу каби мисоллар Федерациянинг ҳудудий жамиятлари аҳоли мурожаатларини жойига чиққан ҳолда ўрганиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этишга интилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий жамиятлари мурожаатингизни ўрганиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилишда амалий ёрдам кўрсатади.



Post Comment