«Мен алдандим, сиз алданманг!» ёки битта Face-ID ортидаги миллионлаб қарз
Баъзида бир неча дақиқа давом этган ишонч бутун оиланинг молиявий осойишталигини издан чиқариши мумкин. Қуйидаги воқеа ҳам ана шундай ҳолатлардан бири. У Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи истеъмолчининг бошидан кечирган воқеа бўлиб, бошқалар учун ҳам муҳим сабоқ бўлиши мумкин.
Ҳаммаси оддий таклифдан бошланган…
Истеъмолчининг сўзларига кўра, иш жойига ўзини маиший техника савдоси билан шуғулланувчи компания вакиллари сифатида таништирган шахслар келади. Улар ходимларга турли акциялар ва қулай тўлов шартларини таклиф қилиб, маҳсулотлар ҳақида маълумот беришади.
Суҳбат давомида «ютуқли акция» ташкил этилгани айтилади. Қатнашчилардан бири сифатида у ҳам билет танлайди ва гўёки қимматбаҳо маиший техника ютгани маълум қилинади. Шу тариқа унинг ишончи янада ортади.
Бир неча дақиқада расмийлаштирилган қарз
Кейинчалик турли расмийлаштириш ишларини бажариш баҳонасида ундан мобил телефони сўралади. Face-ID орқали тасдиқлаш амаллари бажарилади, телефонга келган кодлар киритилади.
Орадан кўп ўтмай маълум бўладики, унинг номига онлайн тарзда кредитлар расмийлаштирилган. Энг ачинарлиси, у олиб фойда қилдим деб ўйлаган техника ҳақиқий бозор нархидан анча юқори суммага расмийлаштирилган бўлиб чиққан. Натижада истеъмолчининг зиммасига бир неча миллион сўмлик қарз юкланган.
Муаммо қандай ҳал этилди?
Жабрланувчи Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилди.
Мутахассислар дастлаб низони музокаралар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишди. Бироқ бу самара бермаганидан кейин иш судга киритилди. Суд муҳокамаси бошланиши арафасида иккинчи томон низони истеъмолчилар фойдасига ҳал қилишга розилик билдириб, етказилган зарар бартараф этилди.
Бундай ҳолатларга тушмаслик учун нималарга эътибор бериш керак?
Мутахассислар қуйидаги эҳтиёт чораларига амал қилишни тавсия этади:
– телефонни бегона шахсларга берманг;
– Face-ID ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш амалларини бошқаларнинг талабига кўра бажарманг;
– SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга айтманг;
шартнома ва кредит ҳужжатларини ўқимасдан ҳеч қандай тасдиқ берманг;
– «бепул совға», «кафолатли ютуқ» ёки «фақат бугунги акция» каби таклифларга танқидий ёндашинг.
Энг катта ҳимоя — огоҳлик
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизни енгиллаштирмоқда. Бироқ улардан эҳтиётсиз фойдаланиш молиявий фирибгарлик қурбонига айланиш хавфини ҳам оширади.
Шунинг учун ҳар қандай таклифга розилик беришдан олдин унинг ҳуқуқий оқибатларини ўйлаб кўриш, шахсий маълумотлар ва электрон тасдиқлаш воситаларини ҳеч кимга ишониб топширмаслик муҳимдир.
Ушбу воқеа Марғилон шаҳрилик бир истеъмолчининг шахсий тажрибасига асосланган. Агар сиз ҳам шунга ўхшаш ҳолатга дуч келсангиз, вақтни бой бермасдан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишингиз мумкин. Эрта мурожаат қилинса, ҳуқуқларни тиклаш имконияти ҳам юқори бўлади.



Post Comment