Фурқат туман жамиятида иш самарадорлигини ошириш масалалари ўрганилди

Фурқат туман жамиятида иш самарадорлигини ошириш масалалари ўрганилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси Аҳроржон Рахмоналиев бошчилигидаги масъул ходимлар Фурқат туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида бўлиб, ташкилот фаолиятини ўргандилар.

Мазкур амалий ташриф туман жамиятига яқиндан услубий кўмак кўрсатиш, кундалик иш жараёнидаги устувор йўналишларни таҳлил қилиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.

Танишув жараёнида туман жамиятининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш амалиёти, мурожаатларнинг қонуний ва холис кўриб чиқилиши, истеъмолчиларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилиши, тарғибот тадбирларининг ташкил этилиши ҳамда иш ҳужжатларини юритиш ҳолати кўриб чиқилди.

Масъуллар томонидан истеъмолчилар мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва муаммоларни имкон қадар судгача ҳал этиш механизмларидан самарали фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, аҳоли билан бевосита ишлашни кучайтириш, маҳаллаларда ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ва очиқ мулоқотларни ташкил этиш, истеъмолчиларга амалдаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини содда ва тушунарли тарзда етказиш бўйича тавсиялар берилди.

Ҳудудий бирлашма раиси Аҳроржон Рахмоналиев туман жамияти ходимлари билан мулоқотда ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати турганини эътибордан четда қолдирмаслик, масалаларни ҳал этишда ташаббускорлик кўрсатиш ва ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, профилактик ва тарғибот тадбирларини тизимли олиб бориш, замонавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш юзасидан амалий кўрсатмалар берилди.

Ташриф якунида Фурқат туман жамияти фаолиятидаги устувор вазифалар белгилаб олиниб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Ҳудудий жамиятларга бундай амалий-услубий кўмак кўрсатиб борилиши тизимда ягона иш амалиётини шакллантириш, жойлардаги фаолият самарадорлигини ошириш ва энг муҳими, истеъмолчиларга кўрсатилаётган ҳуқуқий ёрдам сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Post Comment