Иссиқлик етарли бўлмаса, тўлов ҳам қайта кўриб чиқилади

Иссиқлик етарли бўлмаса, тўлов ҳам қайта кўриб чиқилади

Қиш мавсумида хонадоннинг етарлича исимаслиги — шунчаки маиший ноқулайлик эмас. Агар коммунал хизмат белгиланган талаб даражасида кўрсатилмаган бўлса, истеъмолчидан тўлиқ ҳақ ундириш масаласи ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бу ҳолат Марғилон шаҳридаги бир хонадон мисолида судда ҳам ўз тасдиғини топди. Фуқаро М. М.нинг манфаатини кўзлаб Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати Фарғона вилояти иссиқлик манбаи МЧЖга нисбатан судга даъво киритди. Даъвода хонадонга ҳисобланган 871 751 сўм қарздорлик ва 60 742 сўм пеняни бекор қилиш сўралди.

Истеъмолчининг билдиришича, хонадон 2025 йилдан буён етарли даражада иссиқлик билан таъминланмаган. Бу ҳақда бир неча бор масъулларга мурожаат қилинган ва 2026 йилда ҳолат бўйича далолатнома ҳам тузилган.

Суд жараёнида иссиқлик таъминоти ташкилоти вакили ҳам 2026 йилда далолатнома тузилганини тан олди. Ҳужжатларга кўра, ҳисобланган қарздорликнинг 435 875 сўм қисми қайта ҳисоб-китоб қилиниши кўрсатилган.

Суд эса ишдаги далилларни, жумладан, 2026 йил 2 февралда тузилган далолатномани баҳолади. Унда 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумида хонадонга иссиқлик етарлича етказиб берилмагани қайд этилган.

Натижада суд даъвони қисман қаноатлантириб, истеъмолчини ҳисобланган коммунал қарздорликнинг 50 фоизидан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, жавобгардан давлат фойдасига 412 000 сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.

Мазкур иш истеъмолчилар учун муҳим бир сабоқни кўрсатади: коммунал хизмат сифатсиз ёки белгиланган даражадан паст кўрсатилса, бу ҳолатни шунчаки оғзаки шикоят билан қолдирмасдан, расмий тарзда қайд эттириш керак.

Амалдаги қоидаларга кўра, иссиқлик таъминоти йўқлиги ёки унинг параметрлари пасайгани ҳақида мурожаат қилинганда, етказиб берувчи вакиллари иштирокида тегишли далолатнома тузилиши назарда тутилган. Етказиб берилмаган иссиқлик энергияси қиймати эса қопланиши ёки кейинги ҳисоб-китобларда инобатга олиниши лозим.

Хулоса оддий: хизматнинг ҳақини тўлаш — истеъмолчининг мажбурияти. Аммо ҳақ тўланаётган хизмат ҳам сифатли ва белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак. Бу икки талаб бир-биридан ажралмасдир.

Агар коммунал хизмат сифати билан боғлиқ муаммога дуч келсангиз, уни ҳужжатлаштиринг ва ҳуқуқингизни қонуний тартибда талаб қилинг. Мазкур ишда бўлгани каби, истеъмолчининг ҳақли талаби суд орқали ҳам ҳимоя қилиниши мумкин.

Post Comment