Сифатсиз маҳсулот харид қилинса, истеъмолчи нима қилиши керак?

Сифатсиз маҳсулот харид қилинса, истеъмолчи нима қилиши керак?

Харидор дўкондан маҳсулот сотиб олганда, аввало унинг сифатлилига ва талабга мувофиқлигига ишонади. Аммо хариддан кейин маҳсулотда нуқсон ёки яроқсизлик аниқланса, масалани жим қолдириб қўйиш эмас, ўз ҳуқуқини қонуний тартибда талаб қилиш муҳим.

Фарғона шаҳрида яшовчи З. Ҳ. ҳам шундай вазиятга дуч келиб, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали мурожаат қилди. Мурожаатда харид қилинган планшетнинг сифати билан боғлиқ муаммо юзага келгани, уни савдо дўконига қайтариш ва тўланган 1 миллион 600 минг сўм маблағни ундиришда амалий ёрдам зарурлиги билдирилган.

Мурожаат Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди. Марказий бозори ҳудуди профилактика инспектори билан телефон орқали боғланилиб, савдо ходими билан профилактик ишлар олиб борилди. Ҳуқуқий тушунтиришлар натижасида истеъмолчи ва тадбиркор ўзаро келишувга эришди: харид қилинган маҳсулот савдо дўконига қайтарилиб, тўланган пул маблағларини тўлиқ қайтаришга келишилди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ: хариддан кейин муаммо юзага келса, чек, тўлов ҳужжати ва бошқа далилларни сақлаб қўйиш, аввало сотувчига мурожаат қилиш, масала ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан ёрдам сўраш керак. З. Ҳ.нинг мурожаати ҳам шу тарзда ўрганилиб, истеъмолчи ва тадбиркор ўртасида келишувга эришилди.

Харидорнинг ҳуқуқи — унинг қўлидаги энг муҳим кафолат. Уни билиш ва қонуний тартибда талаб қилиш эса муаммонинг ечимини тезлаштиради.

Post Comment