Электр энергияси истеъмолчилар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари
Ҳудудий бирлашма томонидан аҳолига электр энергияси етказиб бериш сифати, электр таъминотидаги узилишлар, кучланиш ҳолати, ҳисоб-китобларнинг тушунарлилиги, асоссиз қарздорлик, мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлиги ҳамда истеъмолчиларнинг умумий қониқиш даражасини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилди.
Сўровнома натижаларига кўра, 350 нафар респондентнинг жавоблари таҳлил қилинди. Умуман олганда, ҳудудлар кесимида электр таъминоти ҳолати бир хил эмаслиги, айрим туманларда хизматдан қониқиш юқори бўлса, бошқа ҳудудларда электр узилишлари ва кучланиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Электр таъминоти узлуксизлиги бўйича 207 нафар респондент электр энергияси деярли узлуксиз етказиб берилишини билдирган. Бироқ 128 нафар истеъмолчи электр энергияси вақти-вақти билан узилишини, 12 нафари тез-тез, 3 нафари эса жуда кўп узилишлар кузатилишини қайд этган. Айниқса, Риштон тумани, Марғилон шаҳри, Қувасой шаҳри, Ўзбекистон ва Олтиариқ туманларида узилишлар билан боғлиқ ҳолатлар нисбатан кўпроқ қайд этилган.
Электр энергияси узилишларининг давомийлиги бўйича ҳам фарқли ҳолатлар мавжуд. Айрим ҳудудларда узилишлар асосан 30 дақиқагача давом этган бўлса, Қувасой шаҳрида 2–6 соат ва ҳатто 6 соатдан ортиқ, Бағдод туманида эса сўровда қатнашганларнинг барчаси 6 соатдан ортиқ давом этадиган узилишларни қайд этган.
Электр тармоғидаги кучланиш ҳолати бўйича энг жиддий кўрсаткичлар Қувасой шаҳри, Бешариқ ва Учкўприк туманларида кузатилган. Хусусан, Қувасой шаҳрида 50 нафардан 49 нафари, Бешариқ туманида эса барча 49 нафар респондент кучланишнинг паст ёки юқори бўлиш ҳолатини қайд этган. Учкўприк туманида ҳам 20 нафарнинг барчаси кучланиш муаммоси мавжудлигини билдирган. Бу ҳолат электр таъминоти сифати ва маиший техника хавфсизлиги нуқтаи назаридан алоҳида эътибор талаб қилади.
Истеъмолчиларни электр узилишлари ҳақида огоҳлантириш масаласида 195 нафар респондент доимо, 119 нафари баъзан огоҳлантирилишини билдирган. Бироқ 14 нафар истеъмолчи деярли ҳеч қачон огоҳлантирилмаслигини, 22 нафар эса бу борада аниқ маълумотга эга эмаслигини қайд этган. Демак, ахборот бериш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Ҳисоб-китоблар ва ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича умумий ҳолат ижобий. 343 нафар респондент электр энергияси учун ҳисоб-китобни тушуниш осонлигини билдирган. 326 нафар истеъмолчи ҳисоблагич кўрсаткичи реал истеъмолга мос келишини қайд этган. Шу билан бирга, 12 нафар истеъмолчининг ҳисоблагич кўрсаткичига шубҳаси борлиги, яна 12 нафарда кўрсаткич реал истеъмолга мос эмаслиги қайд этилган.
Асоссиз қарздорлик масаласида 12 нафар респондент бундай ҳолатга дуч келганини билдирган. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон туманида, шунингдек Қувасой, Олтиариқ ва Дангара туманларида қайд этилган.
Электр таъминоти бўйича мурожаатлар ҳам ҳудудлар кесимида фарқ қилади. Жами 96 нафар респондент электр таъминоти бўйича мурожаат қилган. Мурожаатлар улуши Риштон, Марғилон, Бешариқ ва Ўзбекистон туманларида юқори. Мурожаат қилганларнинг аксарияти жавоб ўз вақтида берилганини ва муаммо амалда бартараф этилганини билдирган бўлса-да, айрим ҳудудларда қисман ҳал этилган мурожаатлар ҳам мавжуд.
Қониқиш даражаси бўйича 350 нафар респондентдан 152 нафари хизматни 5 балл, 129 нафари 4 балл билан баҳолаган. Шу билан бирга, 26 нафар 3 балл, 1 нафар 2 балл ва 22 нафар истеъмолчи 1 балл берган. Энг паст баҳолар, хусусан, Учкўприк туманида жамланган: 20 нафар респондентнинг барчаси электр таъминоти хизматини 1 балл билан баҳолаган. Бу мазкур ҳудуддаги электр таъминоти ҳолатини алоҳида ўрганиш зарурлигини кўрсатади.
Хулоса
Сўровнома натижалари электр энергияси таъминоти бўйича умумий ҳолат айрим ҳудудларда қониқарли бўлса-да, электр узилишлари, кучланishning past-yuqoriligi, аҳолини олдиндан хабардор қилиш ва мурожаатларни тўлиқ ҳал этиш масалаларида ҳудудлар ўртасида сезиларли фарқ борлигини кўрсатди.
Айниқса, Қувасой шаҳри, Риштон, Бешариқ, Учкўприк, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида қайд этилган ҳолатларни тегишли электр таъминоти ташкилотлари иштирокида алоҳида ўрганиш, муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, сўровнома натижаларидан истеъмолчилар мурожаатлари ва жамоатчилик назорати ишларида фойдаланиш, тизимли муаммолар бўйича тегишли ташкилотларга асослантирилган таклифлар киритиш тавсия этилади.



Post Comment