Табиий газ истеъмолчилари (аҳоли) ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари
Ҳудудий бирлашма томонидан аҳолига табиий газ етказиб бериш сифати, таъминотнинг барқарорлиги, газ босими, ҳисоб-китоблар, ҳисоблагичлар билан боғлиқ ҳолатлар, газ хавфсизлиги ҳамда истеъмолчиларнинг кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш даражасини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилди.
Сўровнома натижаларини таҳлил қилиш жараёнида 16 та туман ва шаҳардан жами 381 нафар аҳолининг фикрлари ўрганилди.
1. Табиий газ таъминотининг барқарорлиги
Сўровда иштирок этганларнинг 251 нафари (65,9 фоиз) табиий газ таъминотини барқарор деб баҳолаган. 49 нафар (12,9 фоиз) истеъмолчи таъминотни қисман барқарор, 47 нафар (12,3 фоиз) эса барқарор эмас деб ҳисоблаган. Айниқса, Қўштепа туманида 20 нафарнинг барчаси, Фарғона туманида ҳам 20 нафарнинг барчаси газ таъминотини барқарор эмас деб баҳолаган. Қўқон шаҳрида 20 нафардан 17 нафари таъминотни «қисман» барқарор, 3 нафари эса барқарор эмас деб кўрсатган. Фарғона шаҳри, Қувасой шаҳри, Қува тумани, Учкўприк тумани ва Бағдод туманида респондентларнинг аксарияти таъминотни барқарор деб баҳолаган.
2. Газ таъминотида узилишлар ва босим билан боғлиқ муаммолар
Сўнгги 30 кун давомида газ таъминотида узилиш кузатилмаганини 221 нафар респондент билдирган. Шу билан бирга, 132 нафарда 1–3 марта, 26 нафарда 4–10 марта, 2 нафарда эса 10 мартадан кўп узилиш кузатилган. Узилишлар бўйича айрим ҳудудларда сезиларли фарқ мавжуд. Хусусан, Фарғона, Олтиариқ ва Риштон туманларида узилишлар нисбатан кўпроқ қайд этилган. Ёзёвон, Боғдод ва Бешариқ туманларида ҳам узилишлар кузатилган бўлса-да, уларнинг даврийлиги турлича. Газ босими масаласида эса 179 нафар истеъмолчи босимни етарли деб ҳисоблаган, 129 нафар баъзан босим пасайишини, 71 нафар эса босим етарли эмаслигини билдирган. Айниқса, Қўштепа туманида 20 нафарнинг барчаси, Фарғона туманида 15 нафар, Қувасой шаҳрида 15 нафар ва Олтиариқ туманида 4 нафар респондент газ босимини етарли эмас деб баҳолаган.
3. Қиш мавсуми — асосий муаммоли давр
Сўров натижаларининг энг муҳим жиҳатларидан бири — аҳолининг қиш мавсумида табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кучайишини қайд этганидир. Жами 285 нафар, яъни 74,8 фоиз респондент қиш мавсумида газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар кучайишини билдирган.
Хусусан, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Қувасой, Қува, Ёзёвон, Учкўприк ва Бешариқ ҳудудларида мазкур муаммо юқори даражада қайд этилган. Респондентларнинг таклифларида асосан қиш мавсумида газ босимини барқарорлаштириш, узилишларга йўл қўймаслик ва таъминот ҳажмини ошириш каби масалалар кўтарилган.
4. Узилишлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш
Истеъмолчиларнинг 210 нафари газ узилиши ёки босим пасайиши ҳақида доимо олдиндан хабар берилишини, 89 нафари баъзан хабар берилишини, 76 нафари эса бундай огоҳлантириш берилмаслигини билдирган. Айниқса, Қўштепа туманида 20 нафар, Фарғона туманида 20 нафар респондент олдиндан хабар берилмаслигини кўрсатган. Бу ҳолат истеъмолчиларни ахборот билан таъминлаш механизмларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.
5. Ҳисоблагич ва ҳисоб-китоблар
Сўровда қатнашганларнинг 343 нафари ҳисоблагич кўрсаткичлари тўғри акс эттирилишини билдирган бўлса, 21 нафар бунга салбий жавоб берган, 13 нафар истеъмолчининг эса шубҳаси бор. Шу билан бирга, 95 нафар респондентда асоссиз қарздорлик ҳисоблангани қайд этилган. Бу умумий иштирокчиларнинг қарийб чорак қисмини ташкил этади.
Ҳисоблагич билан боғлиқ муаммолар ҳам кам эмас: 103 нафар истеъмолчи бундай ҳолатга дуч келганини билдирган. Улар орасида ҳисоблагич ишламаслиги, пломба билан боғлиқ муаммолар, қарздорлик ва бошқа ҳолатлар қайд этилган.
6. Газ хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари
Газ сизиб чиқишига шубҳа туғилганда қаерга мурожаат қилишни 342 нафар респондент билишини билдирган. 34 нафар истеъмолчи эса бу борада аниқ маълумотга эга эмас. Бироқ газ хавфсизлиги бўйича аҳолига тушунтириш ишлари ўтказилиши масаласида вазият бир хил эмас: 146 нафар «мунтазам», 116 нафар «баъзан», 113 нафар эса умуман тушунтириш ишлари ўтказилмаслигини билдирган. Бу кўрсаткич аҳоли ўртасида газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича профилактик ва тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
7. Мурожаатлар билан ишлаш
Сўров иштирокчиларининг 126 нафари газ таъминоти бўйича шикоят ёки мурожаат қилганини билдирган. Уларнинг 74 нафари мурожаати ҳал этилганини, 35 нафари ҳал этилмаганини, 17 нафари эса қисман ҳал этилганини қайд этган. Демак, мурожаатларни кўриб чиқиш ва муаммони якунига етказиш масаласида ҳам хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдида муайян вазифалар мавжуд.
8. Туман ва шаҳарлар кесимида асосий муаммолар
Сўров натижаларида айрим ҳудудларда қуйидаги муаммолар алоҳида ажралиб турди:
• Қўштепа туманида — газ таъминоти барқарор эмаслиги, босим етарли эмаслиги, узилишлар ва олдиндан хабар бериш билан боғлиқ муаммолар;
• Фарғона туманида — газ босимининг пастлиги, айниқса қиш мавсумида таъминотнинг ёмонлашиши, қарздорлик ва мурожаатларнинг ҳал этилиши билан боғлиқ масалалар;
• Қўқон шаҳрида — қишки мавсумда таъминот ва газ босими билан боғлиқ муаммолар;
• Қувасой шаҳрида — қиш мавсумида газ босимининг пасайиши ва узилишлар;
• Ўзбекистон туманида — қиш ойларида газ босимининг пасайиши, узилишларсиз ва етарли босимда газ етказиб бериш зарурати;
• Риштон туманида — қиш мавсумида газ босимининг пасайиши ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш масалалари;
• Олтиариқ туманида — газ босимининг пастлиги, газ тармоғига уланиш ва рухсат бериш билан боғлиқ масалалар;
• Тошлоқ туманида — қиш мавсумида узилишларнинг олдини олиш ва таъминот барқарорлигини таъминлаш;
• Марғилон шаҳрида — қиш мавсумида газ босимини ошириш зарурати;
• Боғдод туманида — табиий газ таъминоти ва, хусусан, метан шохобчаларида газ таъминоти масалалари бўйича таклифлар билдирилган.
Хулоса
Умуман, сўровнома натижалари аҳолининг табиий газ таъминотидан қониқиш даражаси ўртача эканини кўрсатмоқда. Хизматдан умумий қониқиш ўртача 3,54 балл, хизмат кўрсатиш тезлиги эса 3,43 балл билан баҳоланган.
Таҳлил натижасида энг долзарб масалалар сифатида қиш мавсумида газ босимининг пасайиши, таъминотда узилишлар, истеъмолчиларни олдиндан хабардор қилиш, асоссиз қарздорлик, ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммолар ҳамда мурожаатларни тўлиқ ва ўз вақтида ҳал этиш масалалари намоён бўлди.
Шу муносабат билан табиий газ таъминоти корхоналари томонидан, айниқса қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида, муаммоли ҳудудлар кесимида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, газ босимини барқарорлаштириш, узилишлар ҳақида истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш, ҳисоб-китоблардаги баҳсли ҳолатларни қайта кўриб чиқиш ва мурожаатларни ҳал этиш самарадорлигини ошириш мақсадга мувофиқ.



Post Comment