Нуқсонли лампа алмаштирилди: истеъмолчининг мурожаати эътиборсиз қолмади

Нуқсонли лампа алмаштирилди: истеъмолчининг мурожаати эътиборсиз қолмади

Ёзёвон туманида фуқаронинг харид қилинган товар сифатига оид мурожаати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Гап 2026 йил 8 сентябр куни туман марказидаги кунлик бозор ёнида жойлашган электр жиҳозлари савдо дўконидан 275 минг сўмга харид қилинган электр лампаси ҳақида бормоқда. Хариддан сўнг лампанинг нуқсонли экани аниқлангач, истеъмолчи уни қайтариб бериш ёки алмаштиришни сўраган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида савдо фаолияти ва истеъмолчига кўрсатилган хизмат ҳолати ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Ўрганиш давомида тадбиркорга амалдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талаблари тушунтирилиб, сотувчининг мажбуриятлари эслатилди. Натижада сотувчи истеъмолчига сифатли янги лампани алмаштириб берди.

Шу тариқа, фуқаронинг мурожаати амалий ёрдам асосида ҳал этилди ва бу ҳақда унга расмий жавоб хати юборилди. Мазкур ҳолат истеъмолчи харид қилган товарининг сифатига шубҳа туғилганда, муаммони инкор этмасдан, ўз ҳуқуқларини қонуний тарзда ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши муҳимлигини яна бир бор кўрсатади.

Post Comment