Тепа қисми пачоқ чиққан кир ювиш машинаси сотувчига қайтарилди

Тепа қисми пачоқ чиққан кир ювиш машинаси сотувчига қайтарилди

Товарни харид қилиш жараёнида унинг ташқи кўриниши ва бутлигига эътибор қаратиш муҳим. Айниқса, маиший техника каби қимматбаҳо маҳсулотлар етказиб берилганда, товарни қабул қилиб олишдан олдин унинг ҳолатини синчиклаб текшириш кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади.

Шундай ҳолатлардан бири Ўзбекистон туманида ҳам кузатилди. Туман марказидаги дўконлардан биридан истеъмолчи 7 000 000 сўмлик Loretto LW-9016 BLDC-G русумли автомат кир ювиш машинасини харид қилишга қарор қилади. Томонлар ўртасида товар қийматини 2 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида шартнома расмийлаштирилади. Ўша куни сотувчи вакиллари кир ювиш машинасини истеъмолчининг хонадонига етказиб беради.

Бироқ товарнинг қутиси очилганида кутилмаган ҳолат аниқланади: кир ювиш машинаси корпусининг тепа қисми пачоқланган эди. Истеъмолчи ушбу ҳолатни эътиборсиз қолдирмай, нуқсонни видеога олади ва видеони сотувчига юборади. Шу билан бирга, товарни янгисига алмаштириб беришни сўрайди.

Аммо сотувчи томони товарни алмаштириш имкони йўқлигини, уни таъмирлаб беришлари мумкинлигини маълум қилади. Бу эса истеъмолчини қаноатлантирмайди. Чунки у янги маиший техника харид қилган бўлиб, товарни қабул қилиб олиш жараёнининг ўзидаёқ унинг ташқи қисмида шикаст борлиги аниқланган эди.

Шундан сўнг истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади. Мурожаатни ўрганиш жараёнида жамият ходимлари амалдаги қонунчилик талаблари, истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳамда сотувчининг мажбуриятлари юзасидан савдо субъекти вакиллари билан тегишли тушунтириш ишларини олиб бордилар.

Натижада масала истеъмолчи фойдасига ҳал этилди: пачоқланган кир ювиш машинаси сотувчи томонидан қайтариб олинди ва тарафлар ўртасида тузилган шартнома бекор қилинди. Шу тариқа истеъмолчи ўзи кутган сифатдаги товарга эга бўлиш ёки товар бўйича қонуний талабини билдириш ҳуқуқидан амалда фойдаланди.

Товарни қабул қилаётганда шошилманг!

Ушбу ҳолатдан истеъмолчилар учун муҳим хулоса чиқариш мумкин. Қимматбаҳо маиший техника сотиб олинганда, айниқса товар уйга етказиб берилса, қутини очиш, товарнинг ташқи кўриниши, корпуси, бутлиги ва кўзга кўринадиган нуқсонларини текшириш мақсадга мувофиқ.

Агар товарда нуқсон аниқланса, уни фото ёки видеога олиб қўйиш, сотувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар бериш ва ўз талабини аниқ билдириш муҳим. Зарур ҳолларда эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиш орқали ҳуқуқий ёрдам олиш мумкин.

Янги товар харид қилган истеъмолчи уни сифатли ва бут ҳолда олишга ҳақли. Ҳуқуқни билиш эса уни ҳимоя қилишнинг биринчи қадамидир.

Post Comment