Истеъмолчи ҳуқуқи — фақат муаммо пайдо бўлганда эмас
Фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига фақат сифатсиз маҳсулотни алмаштириш, пулини қайтариш ёки кўрсатилган хизматдан норози бўлган ҳолдагина мурожаат қилмайди. Бунга Бешариқ туманида яшовчи фуқаро А. А.нинг мурожаати ҳам мисол бўла олади. У маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати учун белгиланган тариф миқдори, чиқиндиларни олиб кетиш графиклари ва бошқа саволлари билан туман жамиятига мурожаат қилиб, ҳуқуқий тушунтириш сўраган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқарога аҳолига кўрсатилаётган маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизмати учун тарифлар ўзгаргани, янги тарифлар 1 июлдан амалга киритилгани, бу борада тегишли қарор қабул қилингани ва аҳолига хабар берилгани тушунтирилди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш тартиби ва тасдиқланган график бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — фақат бузилган ҳуқуқни тиклаш эмас, балки фуқаронинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билишига кўмаклашиш борасида иш олиб боришнинг ҳам муҳимлигини кўрсатади. Тариф, шартнома, хизмат кўрсатиш тартиби ёки бошқа истеъмолчилик масалалари бўйича савол туғилса, фуқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиб, амалдаги тартиб ва қонунчилик талаблари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш олиши мумкин.
Ҳуқуқни билиш — уни ҳимоя қилишнинг биринчи қадами. Мазкур мурожаат эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг аҳоли учун нафақат муаммони ҳал этувчи, балки ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берувчи муҳим таянч эканини ҳам кўрсатади.



Post Comment