НОСОЗ ЧИҚҚАН НОУТБУК УЧУН ТЎЛАНГАН ПУЛ ҚАЙТАРИЛДИ

НОСОЗ ЧИҚҚАН НОУТБУК УЧУН ТЎЛАНГАН ПУЛ ҚАЙТАРИЛДИ

Риштон туманида истеъмолчининг ҳуқуқи тикланиб, сотувчи корхона томонидан 951 минг 500 сўм маблағ қайтарилиши таъминланди.

Истеъмолчи ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда ўз вақтида мурожаат қилиш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Риштон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Т. нинг мурожаати ҳам бу борада амалий натижага эришиш мумкинлигини кўрсатди.

Аниқланишича, фуқаро 2026 йил 28 август куни «FRAST-TRADE-SENTER» МЧЖ билан тузилган №561032-сонли шартнома асосида, бўлиб тўлаш шартларида, 11 миллион 418 минг сўм эвазига ASUS VivoBook 15 русумли ноутбук харид қилган. Бироқ хариддан бир неча кун ўтиб, қурилмада дастурий носозликлар юзага келган ва ноутбук ишламай қолган.

Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига мурожаат қилганида, дастлаб қурилмани бошқа соз ҳолатдаги ноутбукка алмаштириб бериш таклиф этилган. Аммо томонлар ўртасидаги масала ҳал этилмаган. Кейинчалик фуқаро шартномани бекор қилишга қарор қилган ва 2026 йил 1 октябр куни шартномани бекор қилиш расмийлаштирилган.

Шартнома бекор қилинганига қарамай, истеъмолчига тўланган пули маблағ тўлиқ қайтарилмаган. Хусусан, дастлабки тўлов сифатида амалга оширилган 951 минг 500 сўм маблағнинг қайтарилиши таъминланмай қолган.

Шу сабабли фуқаро Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Мурожаат жамият мутахассислари томонидан ўрганилиб, сотувчи корхона вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Ўрганиш давомида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасида белгиланган нуқсонли товар сотилганда истеъмолчининг ҳуқуқлари, 14-моддасидаги нуқсонли товарни алмаштириш, 16-моддасидаги товар нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш ёки шартномани бекор қилиш, шунингдек, 20–22-моддаларда назарда тутилган етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашга оид нормалар тушунтирилди.

Олиб борилган амалий ишлар натижасида сотувчи томонидан ноутбук учун дастлабки тўлов сифатида тўланган 951 минг 500 сўм маблағ истеъмолчига қайтариб берилди. Мазкур ҳолат тегишли далолатнома билан расмийлаштирилди.

Эътиборлиси, ушбу мурожаат истеъмолчиларнинг ҳуқуқий хабардорлиги ва жамоатчилик асосида фаолият юритувчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилишнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этди.

Унутманг: харид қилинган товарда нуқсон аниқланса, истеъмолчи қонунчиликда белгиланган тартибда ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ҳақли. Бунинг учун товарни харид қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлар, шартнома, тўлов чеки ва бошқа далилларни сақлаш муҳим.

Истеъмолчи ҳуқуқларингиз бузилдими? Бефарқ бўлманг! Ўз ҳуқуқларингизни билинг ва уларни ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилинг.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin