Ижтимоий тармоқларда реклама: истеъмолчи нималарни билиши керак?

Ижтимоий тармоқларда реклама: истеъмолчи нималарни билиши керак?

Блогер тавсияси, чиройли видео ёки жозибадор чегирма харид қилишга ундаши мумкин. Аммо рекламada айтилган ҳар бир гап ҳақиқатми? Ижтимоий тармоқлардаги маҳсулот ва хизматлар тарғиботига қанчалик ишониш мумкин? Энг муҳими, реклама сабаб алданиб қолган истеъмолчи ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилади?

Бугун ижтимоий тармоқлар нафақат мулоқот, янгиликлар ва кўнгилочар ахборот алмашиш майдони, балки улкан савдо ва реклама платформасига ҳам айланди. Telegram, Instagram, Facebook, YouTube ва TikTok каби тармоқларда ҳар куни минглаб маҳсулотлар, турли хизматлар, ўқув курслари, маиший техника, косметика воситалари, саёҳат йўлланмалари ва бошқа таклифлар тарғиб қилинмоқда.
Айниқса, машҳур блогерлар, контент яратувчилар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг маҳсулот ёки хизмат ҳақидаги тавсиялари кўпчиликнинг харид қарорига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Баъзан истеъмолчи реклама қилинаётган маҳсулотни унинг хусусиятлари, сифати ёки нархини мустақил ўрганмасдан, айнан ўзи кузатиб борадиган инсоннинг тавсиясига ишониб сотиб олади.
Бироқ бир нарсани унутмаслик керак: ижтимоий тармоқдаги реклама ҳам реклама ҳисобланади ва у амалдаги қонунчилик талабларига жавоб бериши шарт.

Реклама ва оддий ахборот ўртасидаги фарқ нимада?

Ижтимоий тармоқларда маҳсулот ҳақида жойлаштирилган ҳар қандай маълумотни ҳам реклама деб бўлмайди. Масалан, фуқаро ўзи харид қилган телефон, маиший техника ёки бошқа маҳсулот ҳақидаги шахсий таассуротларини ҳеч қандай тижорат манфаатларисиз бошқалар билан бўлишиши мумкин.
Аммо муайян маҳсулот ёки хизматга эътиборни жалб қилиш, унга қизиқиш уйғотиш ва уни бозорда бевосита ёки билвосита даромад олиш мақсадида илгари суришга қаратилган махсус ахборот реклама ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 7 июндаги ЎРҚ-776-сон «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 5-моддасида реклама тушунчаси айнан шу мазмунда белгиланган.
Демак, блогер ёки канал маъмури бирор компания билан ҳамкорлик асосида маҳсулотни тарғиб қилса, бунинг эвазига пул, хизмат, чегирма ёки бошқа манфаат олса, бундай материалнинг мазмуни ва мақсадига қараб у реклама сифатида баҳоланиши мумкин.
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, реклама фақат пул эвазига тайёрланган видео ёки постдан иборат эмас. Тижорат манфаатини кўзлаган ҳолда тайёрланган шарҳ, тавсия, мақола ва бошқа материаллар ҳам реклама хусусиятига эга бўлиши мумкин.

Яширин реклама: истеъмолчи буни қандай аниқлайди?

Ижтимоий тармоқларда учрайдиган муаммолардан бири — рекламани оддий тавсия, шахсий фикр ёки холис шарҳ сифатида тақдим этишдир.
Масалан, блогер ўз саҳифасида муайян косметика воситасини намойиш этиб, унинг жуда самарали эканини, фақат ўзи фойдаланадиган маҳсулот эканини айтади. Бошқа бир ҳолатда эса канал маъмури муайян савдо дўконини «энг ишончли ва энг арзон манзил» сифатида тавсия қилади. Лекин ушбу тарғибот тижорат ҳамкорлиги асосида амалга оширилгани аудиторияга маълум қилинмайди.
Натижада истеъмолчи бундай ахборотни мустақил фикр ёки холис тавсия деб қабул қилиши мумкин.
Қонунчиликда рекламани бошқа ахборотдан ажратиш ва уни реклама сифатида аниқлаш имконияти бўлиши талаб этилади.
Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, реклама тарқатилиш шакли ёки воситасидан қатъи назар, уни реклама сифатида идентификация қилиш мумкин бўладиган тарзда бошқа ахборотдан ажратилган бўлиши керак.
Шунингдек, реклама берувчининг тижорат манфаатларини кўзлаб, муайян товар маркаси ёки ишлаб чиқарувчига атайин эътибор қаратадиган муаллифлик ва таҳририят материаллари ҳам реклама деб ҳисобланиши ҳамда «Реклама» рукни остида жойлаштирилиши лозим.
Шу сабабли ижтимоий тармоқларда реклама материалларини «Реклама» ёки «Реклама ҳуқуқи асосида» каби аниқ белгилар билан ажратиб кўрсатиш муҳимдир.
Бу талаб шунчаки расмиятчилик эмас. У истеъмолчига ахборотнинг асл моҳиятини тушуниш, реклама берувчининг тижорат манфаатини англаш ва қарорни мустақил қабул қилиш имконини беради.

«100 фоиз натижа», «энг арзон нарх», «бир ҳафтада даволайди» — бундай ваъдаларга ишониш мумкинми?

Реклама орқали истеъмолчининг эътиборини жалб қилиш мақсадида маҳсулотнинг афзалликларини кўрсатиш табиий. Аммо бу жараёнда унинг хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш, мавжуд бўлмаган имкониятларни ваъда қилиш ёки муҳим маълумотларни яшириш мумкин эмас.
Масалан:
– «Ушбу восита барча касалликларни даволайди»;
– «Бир ҳафтада кафолатланган натижа»;
– «Энг арзон нарх фақат бизда»;
– «Бу маҳсулотнинг ҳеч қандай камчилиги йўқ»;
– «Бугун харид қилмасангиз, бошқа бундай имконият бўлмайди».

Агар бундай даъволар ишончли далилларга асосланмаган ёки истеъмолчини чалғитадиган бўлса, улар қонунчилик нуқтаи назаридан муаммоли реклама ҳисобланиши мумкин.
«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама тушунчаси белгиланган. Унда ноаниқлиги, бир хил маънони англатмаслиги, бўрттириб юборилиши ёки муҳим маълумотларнинг яширилиши натижасида истеъмолчини чалғитадиган ёхуд чалғитиши мумкин бўлган реклама назарда тутилган.
Шундай экан, рекламada айтилган ваъдалар шунчаки эътиборни жалб қилиш учун ишлатилган иборалар эмас, балки ишончли маълумотларга асосланган бўлиши керак.

Чегирма ва акциялар: харид қилишга шошилманг!

Ижтимоий тармоқлардаги рекламаларда «50 фоиз чегирма», «фақат бугун», «охирги 3 дона», «бепул етказиб бериш» каби таклифлар кўп учрайди.
Бундай таклифлар истеъмолчини имкониятни бой бериб қўйиш хавотирига солади ва уни тезроқ харид қилишга ундайди.
Аммо харид қилишдан аввал қуйидаги саволларга жавоб топиш лозим:
– Чегирма ҳақиқатан ҳам мавжудми ёки аввалги нарх сунъий равишда оширилганми?
– Акция қайси муддатгача амал қилади?
– Таклифдан фойдаланиш учун қўшимча шартлар борми?
– Етказиб бериш, ўрнатиш ёки бошқа хизматлар учун алоҳида ҳақ олинадими?
– Эълон қилинган нарх барча харидорлар учун амал қиладими?
Айниқса, совринли ўйинлар ва рағбатлантирувчи акцияларда иштирок этиш шартларини олдиндан ўрганиш зарур. Қонунчиликда бундай акцияларни ўтказиш билан боғлиқ алоҳида талаблар ҳам белгиланган.
Эсда тутинг: шошилинч харид қилишга ундаётган реклама сизнинг ўйлаб кўриш ва тўғри танлов қилиш ҳуқуқингизни чекламаслиги керак.

Реклама сабаб алданиб қолсангиз, нима қилиш керак? 

Айтайлик, сиз ижтимоий тармоқдаги реклама асосида маиший техника сотиб олдингиз. Рекламада маҳсулотнинг барча имкониятлари кўрсатилган, сифатига кафолат берилган. Аммо маҳсулотни олганингиздан сўнг унинг рекламada айтилган хусусиятларга эга эмаслиги ёки муҳим камчиликлари борлиги маълум бўлди.
Бундай вазиятда истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи, ижрочи ва сотувчи ҳақида тўғри ҳамда тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга.
Қонуннинг 7-моддасида эса товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари назарда тутилган.
Агар бундай маълумот сабаб истеъмолчи зарур хусусиятларга эга бўлмаган товарни сотиб олган бўлса, у шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шу боис, реклама таъсирида харид қилганингиздан кейин ҳуқуқингиз бузилган бўлса, қуйидаги ҳаракатларни амалга оширинг:
1. Далилларни сақланг. Реклама жойлаштирилган пост, видео, ҳавола, ёзишмалар ва берилган ваъдаларнинг скриншотларини сақлаб қўйинг. Реклама кейинчалик ўчириб юборилиши мумкин.
2. Харидни тасдиқловчи ҳужжатларни йиғинг. Чек, тўлов квитанцияси, банк ўтказмаси, буюртма рақами ва сотувчи билан ёзишмаларни сақланг.
3. Сотувчига ёзма талаб юборинг. Маҳсулот ёки хизмат рекламada кўрсатилган талабларга жавоб бермаса, қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларингизни амалга ошириш учун сотувчига мурожаат қилинг.
4. Ваколатли ташкилотларга мурожаат қилинг. Рекламада қонунбузилиш аломатлари мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкин. Истеъмолчи ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда эса суд орқали ҳам ҳимояланиш ҳуқуқи мавжуд.
Муҳим жиҳати: реклама қонунчилиги бузилганлиги билан маҳсулотнинг нуқсонли чиқиши бир хил ҳуқуқий ҳолат эмас. Шу сабабли талабни айнан қайси ҳуқуқ бузилганига қараб, реклама қонунчилиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асосида қўйиш лозим.
Харид қилишдан олдин 7 та қоидани унутманг!
Ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан оқилона фойдаланиш ва алданиб қолмаслик учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг:
1. Реклама қилинаётган маҳсулот ёки хизмат ҳақида бошқа манбалардан ҳам маълумот олинг.
2. Блогернинг машҳурлигини маҳсулот сифатининг кафолати деб қабул қилманг.
3. Реклама берувчи ва маҳсулотни сотувчи шахс ёки ташкилот ҳақида маълумот текширинг.
4. Нарх, кафолат, етказиб бериш ва қайтариш шартларини олдиндан аниқлаштиринг.
5. Асоссиз ва ҳаддан ташқари жозибадор ваъдаларга танқидий ёндашинг.
6. Тўловни амалга оширишдан аввал шартларни диққат билан ўқинг ва харидни тасдиқловчи ҳужжатларни сақланг.
7. Шубҳали таклифларга дуч келсангиз, текширмасдан пул ўтказманг ва шахсий маълумотларингизни бегоналарга берманг.

Хулоса ўрнида

Ижтимоий тармоқлардаги реклама замонавий савдо муносабатларининг ажралмас қисмига айланди. У истеъмолчига янги маҳсулотлар, хизматлар ва қулай таклифлар ҳақида маълумот бериши мумкин. Бироқ рекламадан кўзланган асосий мақсад маҳсулот ёки хизматга бўлган қизиқишни шакллантириш эканини унутмаслик лозим.
Шунинг учун ҳар қандай реклама хабарини тайёр ҳақиқат сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Истеъмолчи ахборотни текшириши, таққослаши, саволлар бериши ва фақат ишончли маълумотларга асосланиб харид қилиши керак.
Чунки онгли истеъмолчи — рекламага шунчаки ишонадиган эмас, балки уни таҳлил қиладиган, ўз ҳуқуқларини биладиган ва манфаатларини ҳимоя қила оладиган истеъмолчидир!

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin