ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ОРҚАЛИ ХАРИД ҚИЛИНГАН КАМЕРА УЧУН ТЎЛАНГАН ПУЛ ҚАЙТАРИЛДИ
Фарғона туманида истеъмолчининг сифатсиз видеокузатув камераси юзасидан қилган мурожаати ижобий ҳал этилди.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали турли товарларни харид қилиш одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бироқ бундай савдоларда истеъмолчилар товарнинг сифати, ишлаш ҳолати ва сотувчининг ишончлилиги билан боғлиқ муаммоларга ҳам дуч келиши мумкин.
Фарғона туманида истиқомат қилувчи фуқаро Қ. Д.нинг мурожаати ҳам ана шундай ҳолатлардан бири бўлди.
Аниқланишича, фуқаро Instagram ижтимоий тармоғи орқали 69 000 сўм эвазига видеокузатув камераси харид қилган. Бироқ харид қилинган қурилманинг сифати истеъмолчини қониқтирмаган. Шу сабабли у ўз норозилигини билдириб, Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаат жамият ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, истеъмолчининг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан амалий ишлар олиб борилди.
Ўрганиш ва кўрилган чоралар натижасида истеъмолчи видеокузатув камераси учун тўлаган 69 000 сўм маблағини қайтариб олди. Маблағ 2026 йил 20 ноябрь куни электрон тўлов орқали фуқаронинг банк картасига ўтказиб берилгани ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Эътиборлиси, истеъмолчи ўзининг ёзма баёнотида мурожаати юзасидан амалга оширилган ишлардан қониқиш ҳосил қилганини ва билдирилган талаблари қаноатлантирилганини маълум қилган.
Ушбу ҳолат яна бир бор истеъмолчиларнинг ижтимоий тармоқлар орқали харид қилишда эҳтиёткор бўлиши, товарнинг сифати ва сотувчи ҳақидаги маълумотларни олдиндан текшириши зарурлигини кўрсатади.
Истеъмолчиларга тавсиямиз: интернет орқали товар харид қилишдан олдин сотувчи ҳақидаги маълумотларни текширинг, товарнинг хусусиятлари ва кафолат шартларини аниқлаштиринг, тўловни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб қўйинг. Агар харид қилинган товар сифатсиз ёки нуқсонли бўлиб чиқса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилишдан чўчиманг.
Зеро, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — қонуний манфаатларни таъминлаш ва ҳар бир фуқаронинг хариддан муносиб натижа олишига кўмаклашиш демакдир.



Post Comment