ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК САРИ МУҲИМ ҚАДАМ: ГРУЗИЯ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ФЕДЕРАЦИЯСИ БИЛАН МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ
Грузия Истеъмолчилар федерацияси раиси Мадона Коидзенинг Фарғона вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси маъмурий биносига ташрифи икки ташкилот ўртасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим воқеа бўлди.
Ташриф давомида меҳмонга ҳудудий бирлашманинг фаолияти, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик назорати йўналишидаги тажрибалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, икки мамлакатда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида шаклланган тажриба, мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувнинг энг муҳим натижаси сифатида Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Ахроржон Рахмоналиев ҳамда Грузия Истеъмолчилар федерацияси раиси Мадона Коидзе ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки ташкилот ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба ва ахборот алмашиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, қўшма конференция, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, ахборот-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ташкилий асос яратади.
Мазкур ҳамкорлик нафақат икки ташкилот ўртасидаги профессионал алоқаларни кенгайтириш, балки Ўзбекистон ва Грузияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Ишонч ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ушбу ҳамкорлик келгусида янги ташаббуслар, амалий лойиҳалар ва самарали натижаларга замин яратади.



Post Comment