Маъмурий суд истеъмолчи фойдасига ҳал қилув қарори чиқарди
Истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини тўлиқ англаб етаётганликлари, ҳуқуқий билим ва истеъмол маданиятига эга бўлаётганликлари, ўзларига ҳамда атрофдагиларга нисбатан талабчан бўлиб бораётганликлари уларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб турли идораларга қилаётган мурожаатларида ҳам аксини топмоқда. Ўз ўрнида, фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб Федерация ва унинг ҳудудий органларига қилаётган мурожаатлари қонунларда белгиланган муддат ва тартибларда ўрганиб чиқилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатиб келинаётганлигини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир.
Биргина мисол. Бешариқ тумани Янгиқўргон қишлоғида яшовчи фуқаро М.Тўхтабоеванинг хонадонига ташриф буюрган МИБ туман бўлими ходими томонидан назорат кунида 2387000 (икки миллион уч юз саксон етти минг) сўм қарздорлик мавжудлиги билдирилиб, қарздорликни 5 кун муддат ичида тўлаши лозимлиги тўғрисида талабнома топширилган ҳамда ўз муддатида тўлов амалга оширилмаса электр тармоғидан узиб қўйилиши тўғрисида огоҳлантириш берилган. Электр энергияси истеъмоли бўйича қарздор эмаслигига ишонган хонадон соҳибаси соҳа мутасаддиларига бу ҳақда тушунтириш бериб, ўзининг ҳақлигини исботлаш йўлида қилган барча саъй-ҳаракатлари эса бесамар кетган. Бир неча идораларга мурожаат қилиб, масаласини ҳал қила олмаган истеъмолчи таниш-билишларининг тавсиясига асосан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат билан келган.
– Оиламиз билан 3 ой 15 кун мобайнида электр энергиясиз яшашга мажбур бўлдик. Ўзимни ночор ва ожиз сезиб юрган шу вазиятда, тавсияларга асосан мендек ўз ҳуқуқларини билмайдиган, бундай шароитда қандай йўл тутишни англай олмайдиган фуқароларга туманимизда ёрдам берадиган ташкилот борлигини эшитиб, бу ишни қонуний ечимида ёрдам кўрсатишларини сўраб уларга мурожаат қилдим, – дейди М.Тўхтабоева мурожаатини ўрганиш натижалари бўйича туман жамиятига берган миннатдорчилик хатида.
Туман жамияти мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида мурожаат эгасининг хонадонида фойдаланишда бўлган СО 2М2 русумдаги электр ҳисоблагичнинг амалдаги кўрсаткичларини инкор қилган ҳолда, қўшимча кўрсаткичлар киритилиб, ортиқча қарздорлик ҳисобланиш ҳолатлари маълум бўлгач, Бешариқ туман маъмурий судига давлат инспекторининг 28.08.2019 йилдаги 00777820-сонли талабнома юбориш ва 02.10.2019 йилдаги MIB FV А-0001946-сонли далолатномани тузишдан иборат ҳаракатларини қонунга хилоф ва ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан даъво аризаси киритилди.
Суд аризада келтирилган ҳолатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, МИБ Бешариқ туман бўлими ходимининг 28.08.2019 йилдаги 00777820-сонли талабнома юбориш ва 02.10.2019 йилдаги MIB FV А-0001946-сонли далолатномани тузишдан иборат ҳаракатларини қонунга хилоф деб топди.
Томонларга суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда ўз қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиш тартиблари тушунтирилди.
– Бу Президентимизнинг ҳамма нарса халқ манфаати учун, давлат ва жамиятнинг барча амалга ошираётган ишлари одамларни рози қилиш учун хизмат қилиши керак деган пурмаъно сўзларининг исботи эмасми? Мен амалдаги ҳуқуқларимни ҳимоя қилишда беминнат ёрдам кўрсатган туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ўз миннатдорчилигимни изхор этаман, – дейди истеъмолчи М.Тухтабоева ўз миннатдорчилик хатини якунлар экан.
Хамиджон Ахмедов
Бешариқ туман ИҲҲҚЖ ижро аппарати раиси
Post Comment