Муаммо бартараф қилинди
Риштон шаҳрида яшовчи В. Риштованинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган оғзаки мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатдан маълум бўлишича, унинг хонадонига бундан бир неча йиллар аввал туман телекоммуникациялар боғланмаси томонидан тармоқ тортилиб, телефон аппарати ҳам ўрнатиб берилган. Шу йилнинг июнь ойига келиб ушбу телефон аппарати ишламай қолган. У мазкур масалада боғланмада ишлайдиган дугонасига мурожаат қилади. Биринчи мартасида дугонасига ёрдам сифатида телефон аппаратини ўз ҳисобидан олиб берган дугона бу сафар ундан 100 000 сўм пул олиб, телефон аппарати келтириб беради. Лекин мазкур телефон аппарати лозим даражада ишламаган. В. Риштова бу ҳақда дугонасига бир-икки марта айтган бўлсада, у ишни пайсалга солиб юраверган.
Туман жамияти ходимлари истеъмолчининг мурожаати асосида боғланмада иш фаолияти олиб бораётган дугона билан учрашдилар. У ишни охирига етказа олмай қолиши сабабларини тушунтириб, нуқсонли телефонни қайтариб олиб, хонадонда фойдаланиш учун янги телефон аппаратини олиб берди. Истеъмолчи мурожаати қаноатлантирилди.
Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment