Нуроний отахон учун қўшимча қулайликлар яратиб берилди
Олтиариқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан “Олтиариқ” кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари сиҳатгоҳида соғлигини тиклаётган, Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи 80 ёшли О.А.нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Отахон ўз мурожаатида мазкур сиҳатгоҳнинг ошхонасида тайёрланаётган айрим таомлар сифатидан норозилигини билдирганди. Шунинг учун дастлаб сиҳатгоҳ ошхонасида таомлар тайёрланиши жараёнлари, ошхонада таомларга ишлатилаётган масаллиқлар ва уларни сақлаш шароитлари, дам олувчилар таомланадиган жой ва унинг бугунги кун талабларига жавоб бериши, ошхона ва унинг ҳудудида таомланувчиларга турли инфекция ҳамда юқумли касалликлар юқишини олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишилди. Натижалар сиҳатгоҳ масъуллари томонидан бу борада етарли чора-тадбирлар кўрилаётганлигини кўрсатди.
Шундан сўнг кекса отахон ҳамда унга бириктирилган шифокор билан суҳбатлашилди. Маълум бўлишича, ошхонада тайёрланаётган иккинчи таомлардан айримлари, хусусан палов отахоннинг ошқозонига бироз оғирлик қилиб, овқат қийинроқ ҳазм бўлиши натижасида унинг безовталанишига сабаб бўлаётган экан. Суҳбат асносида отахон ошхонага бориб келишга ҳам бироз қийналаётганлигини қўшимча қилди.
Юқоридагилардан, шунингдек дам олувчининг ёши, соғлиги ҳолатидан келиб чиқиб, унинг жорий ҳолатига мос келувчи таомлар менюси бўйича сиҳатгоҳ мутахассиси тавсияси берилди, шунинг билан биргаликда унинг 4 маҳал овқатланиш учун ошхонага келиб кетишда бироз қийналаётганлиги сабабли таомларни хонасига олиб келиб бериладиган бўлди.
Мурожаатини ўрганиш ишларини тугатиб қайтар эканмиз, отахон унинг соғлигини мустаҳкамлаб олиши учун ҳисса қўшаётган барчага ўз миннатдорчилигини изхор қилиб қолди.
Бахтиёр Абдурахмонов
Олтиариқ тумани ИҲҲҚ жамияти раиси, туман Кенгаши депутати
Post Comment