Уяли телефон аппарати билан боғлиқ муаммо ҳал этилди

Уяли телефон аппарати билан боғлиқ муаммо ҳал этилди

Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро И. Жамолов 2019 йилнинг октябрь ойида шахсий истеъмол учун фойдаланиш мақсадида шаҳардаги “Ишонч кредит савдо” МЧЖдан 531 000 (беш юз ўттиз бир минг) сўмлик “Техет” ТМ-317 русумли уяли алоқа воситасини сотиб олади. Лекин орадан беш ой вақт ўтгач сўнг ушбу телефон аппарати ишламай қолади.

Фуқаронинг телефон аппаратини тузатиб беришларини ёки бошқасига алмаштириб беришларини сўраб, савдо дўконига қилган мурожаатлари унинг томонидан истеъмол кредити тўловларини ўз вақтида тўланмаётганлиги ҳақидаги даъволар асосида эътиборсиз қолдирилган.

Истеъмолчи бу орада телефон аппаратларини тузатиш билан шуғулланувчи усталарнинг бир нечтасига мурожаат қилган, лекин улардан “Ушбу уяли алоқа воситаси машҳур брендга тегишли бўлмаганлиги сабабли, унга зарур эҳтиёт қисмларининг йўқлиги учун таъмирлашни амалга оширишни имкони йўқ”, – деган жавобни эшитган.

Шундай кунларнинг бирида ҳамкасблари унга мазкур масалада Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб кўришни маслаҳат беришган.

Шаҳар жамияти ижро этувчи аппарати ходимлари томонидан масъулияти чекланган жамият мутасаддиларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли бандлари бўйича тушунтиришлар берилиб, истеъмолчининг масаласини ҳал этиш борасидаги талаб қўйилди ҳамда улар томонидан нуқсонли телефон аппаратини бепул таъмирлатиб берилишига эришилди.

– Менинг “Ишонч кредит савдо маркази”дан сотиб олган телефонда нуқсон борлиги маълум бўлгач, уларга таъмирлатиб берилиши ёки алмаштирилишини сўраб қилган талабим ижобий ҳал этилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаатим Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилиб, ҳал этиб берилди. Мен шаҳар жамияти раҳбари ва ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди И. Жамолов ўрганиш натижалари бўйича берган миннатдорчилик хатида.

 

Шермурод Охунов

Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin