Ўн миллион сўмга сотиб олинган Айфонда нуқсон чиқди
Бағдод тумани истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Риштон тумани Бобур кўчасида яшовчи фуқаро Б.Бобохўжаевнинг мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда билдирилишча, фуқаро Бағдод тумани марказида жойлашган “Техномарт” савдо марказидан умумий қиймати 9980000 (тўққиз миллион тўққиз юз саксон минг) сўм бўлган Айфон 12 русумли мобил алоқа телефони олган. Бироқ ундан фойдаланиш жараёнида овоз чиқариш қурилмасида нуқсони борлиги аниқланиб, савдо марказига алмаштириш мақсадида келган. Лекин истеъмолчининг нуқсонли маҳсулотни алмаштириш талаби рад қилиниб, сотувчи нуқсонли товар алмаштирилмаслиги, балки сервис марказида таъмирлаб берилишини тушунтириш бериш билан чекланган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида нуқсонли товар сотилганда, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига қараб нуқсонли товарни алмаштириш, товар нуқсонларини бепул бартараф этиш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қоплаш (пулини қайтариб олиш) ва бошқа шу каби талабларини қўя олади. Агар бу ҳолда товарни алмаштириш талаби қўйилса, қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, сотувчи истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан етти кун ичида уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб бериши керак. Ушбу муддатга амал қилмаслик, сотувчининг ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига сабаб бўлиши мумкин.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида сотувчига юқоридаги ҳолатлар тушунтирилди. Товар учун нақд пулда тўланганлиги, олди-сотди амалга оширилгач истеъмолчига касса чеки берилганлиги, кафилликни билдирувчи кафолат талонларини лозим даражада тўлдириб берилганлиги каби ҳолатларнинг барчаси ўрганиш ишларини ўтказувчи мутахассисларнинг назаридан четда қолмади. Натижа эса ишни истеъмолчи фойдасига ҳал этилиши билан якун топди.
Мурожаатини ўрганиш ишларидан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи Б. Бобохўжаев туман жамияти мутахассисларига миннатдорчилик изхор қилар экан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимидаги ташкилотлар фаолияти, бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда жамоатчилик назоратининг тутаётган ўрни ва аҳамияти, бунинг натижасида эришилаётган натижалар ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдирди.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти матбуот ва
ахборот мутахассиси
Post Comment