Нуқсони билан сотиб юборилган кондиционер сотувчига қайтарилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Гулханий кўчасида яшовчи З.Сайбитдиновнинг якка тартибдаги тадбиркор “Еропов Уткиржон Абдулвахобович”га қарашли савдо дўконидан сотиб олган кондиционерида нуқсон чиққанлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг мурожаатида баён қилинишича, у савдо дўконидан “HOFMANN” русумли кондицонер сотиб олган. Бироқ фойдаланиш жараёнида унда нуқсон чиққанлиги сабабли сервис хизматига мурожаат қилган. Сервис хизмати кўрсатиш ташкилоти ходимлари томонидан кондицонерни таъмирлаш учун очиб кўрилганда унинг айрим ички деталларига сотувгача бўлган муддатда шикаст етганлиги маълум бўлган.
Шундан сўнг, сервис хизмати усталарининг хулосаси, шунингдек амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг тегишли моддалари асосида сотувчига мурожаат қилиниб, нуқсонли товар учун тўланган пулни истеъмолчига қайтариш талаби қўйилди. Юзага келган вазиятда ўзининг ноҳақлигини тушуниб етган сотувчи 10 500 000 (ўн миллион беш юз минг) сўм пул маблағини истеъмолчига қайтариб берди.
Мурожаати юзасидан олиб борилган ишлардан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи З.Сайбитдинов шаҳар жамияти мутахассисларига ўз миннатдорчилигини изхор қилди.
Шермурод Охунов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment